Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ўзининг Қуръон китоби қироатини ҳабиби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ила етказган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар бўлсин!
Аллоҳнинг бу омонатини саҳобаи киромларга нозил бўлганидек ўргатган набийимиз Муҳаммад алайҳиссаломга дуруд - у салавотлар йўллаймиз. Пайғамбармиздан сўнг Исломни ёйиш улароқ. Қурьон қироатини бутун ер юзи бўйлаб тарқатган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин. Ҳамд ва дуодан сўнг: Албатта, Аллоҳ таоло биз Ислом умматини бошқа умматларга ато қилмаган хусусият ва фазилат билан сийлади. Бу ҳам бўлса, Ўзининг Қуръони карим китоби ва пайгамбарининг ҳадисларини то қиёматгача санадли ижоза орқали давом этиш шарафидир.
Энди сиз азизларимизга юртимизда етишиб чиққан улуғ зотларимиздан бири ҳазрат Мулла Рўзи қори домла раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳоллари ва илм юлидаги сафарларини баён қиламиз.
Бу шайх раҳимаҳуллоҳнинг тўлиқ исми мубораклари Рўзи ибн Муҳаммад Толеъ Бухорий. Жонажон юртимиз Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Асака тумани Қизилоёк ( ҳозирда Полвон ) маҳалласида туғилган . Ўз вақтида ота - оналари солиҳ , художўй ва фарзандларининг илмли бўлишида кўп ҳаракат қилган оилалардан бўлган. Отаси Муҳаммад Толеъ, раҳматлик, ўғлининг исмини арабча " Розий " ( а ), рози бўлувчи ) кўйган бўлиши мумкин . Халқ тилида Рўзи деб аталгандир, балки... Ёки муборак Рамазонда туғилганларни ҳам рўза ойининг ҳурмати, улуғлиги, хурсандчилиги ва Аллоҳнинг фарзанд неъматининг кувончи кўшалоқ ўлароқ, шукрона ва эслаш учун "Рўзи" деб исм кўйишгандир. Туғилган йили : ҳижрий 1283 ( милодий 1868 ) йил . Устозлари : Қўқон ва Бухорои шариф мадрасасининг мударрислари, "Етти қироат" ва "Тажвид" фанидан Абдуллоҳ қори Ҳиндий, сўнгра Маккий, Ҳанафий, Чиштий . Фазилатли ҳаётлари : ёшлигидан зехни ўткир, хотираси кучли ва тиришкок, азми - қарори мустаҳкам бўлган. Буни у зотнинг Қуръони каримни ёшлигида ёд олганидан хам англаш мумкин . Аввалги даврлардан бошлаб, то хозирги даврга кадар иқтидорли ҳофизи Қуръонларни бошка шаҳар таълим даргоҳларига танлаб жўнатиш тажрибаси қўлланиб келинади . Ана шу тажрибага мувофиқ жанобимиз ўспиринлик вақтида Қўқонда талаба бўлганлар . Ҳа, ўз шаҳридан, ота - она ва бошқа яқинлардан узоқда ва дунë орзу - ҳавасларига берилмай , ўспирин йигит ҳолида толиби илм бўлиш учун кучли қасд - ниятни талаб килади . Қандай бахтки , Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Арвоҳлар (инсонларнинг руҳлари руҳлар оламида ) тўп - тўп бўладилар. Қайси бири қай бири билан таниш бўлса, бу дунёда хам унси - улфат бўлади ва бир - бирини танимаганлар эса , бу дунёда хам унсу - улфат бўлмай , ажраб кетадилар " , деб марҳамат қилганлар . Қори бобомиз ўспиринлик чоғида азим Қўқон шаҳрида илм йулида ўзининг тенгдош ва сафдошлари Мулла Низомиддин раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар билан танишиб, жуда яқин дўст бўлганлар. Шул жойдан, устозимиз Муҳаммаджон қори тилларидан давом этсак: " Устозимизга қиблагоҳи Маҳмуджон каттамиз айтганлар, у зотга эса отаси юқорида номлари тилга олинган Мулла Низомиддин бобо айтганлар: "Мулла Рўзи домла Қўкон мадрасасида биздан юқорирок босқичда ўқирдилар. Талабалар ўртасида пешқадамликлари ва уларга дарсларни ўзлаштиришда ёрдамларини аямасликлари билан устозлар кўнглидан жой олган ва босқич сардори ҳам эдилар. Мен уни талабалар ўртасидаги кўрик, мусобақалардаги бошчилиги, илмий қарашлари, маълумоти, софлик ва тақвога қурилган фикрлари ва ташкилий ишларда шижоатли , ғайратли ва мехнатсеварликларига гувоҳ бўлганман. Шу боис билан орамизда камолотга етишиш йўлида Аллоҳ учун дўстлик боғланган эди. Мадрасани тугатганларидан сўнг, Бухорои шарифга мадрасага кетдилар. Қачонки, мен хам таҳсилни тугатиб, Бухоро мадрасасига бориб, ўқишга кирдим. Йўқотган ва куришишга муштоқ дўстимни топдим. У зот: “ Қўқон мадрасасида бирга ўқиган эдик , энди эса бу ерда бир хонада турамиз", деди. Биз яна бир талаба билан учовимиз бирга турдик. Аллоҳнинг "яхшиликларда мусобақалашинглар.... ояти каримасига; Расулуллоҳ алайхиссаломнинг "Яратган бандаси пухтасини яхши кўради " маъносидаги ҳадиси шарифига мувофик сабокдан кейин учовлон ўтилган дарсларни “муколама” ( талабалар бир - бири билан дарсни тайёрлаш ) машқини шундай қаттик ва нозик ўринларигача зўр тайёрлаганимиздан хонамиз мухлис талабалар билан тўлиб кетарди. Баъзан талабалар хонамизга сиғмасдан, ҳовлида бўлса – да, бизга қулок тутишарди . "Муколама" нинг бирор сўзини эшитмай ўтказиб юбормаслик учун ичкари-ю ташқарида сув сепгандай сукунат , жимжитлик хукм суриб , ҳозир бўлганлар хотиржам акл , мунозарали дўстона фикр ва тоза қалблар билан уламоларнинг китоблардаги шарҳларидан дуру гавҳарларни теришарди . Қуръон ва суннатдан чиқариб олинган дурлар таратаëтган нурга руҳ ва қалбларини чўмдиришаётган лаҳзаларни бошқа ҳеч бир нарсага алишиб бўлмасди. Не ажабки, бу хулқлари Парвардигорга хуш келиб, келажакда Қуръон ходимлари бўлиб, Қуръон жисми - жони ва ҳатто, суякларигача сингиб кетишини насиб қилган бўлса ажабмас. Мулла Низомиддин бобомиз раҳимаҳуллоҳ Мулла Рўзи домла ва ўзлари ҳакида сўзлаб айтишадики : "Бухоро мадрасасида устозлардан" хатми кутуб" (устозларда ўқиладиган ва фатво айтишга уқиладиган китобларни тугатиш ) килгандан сўнг, азим Қўконга келиб, ўша даврнинг нақшбандия сулукидаги Пир Мавлонқул Эшонбува ҳазратга инобат қилдик". Албатта, Рўзи домла ўз юрти Андижон шаҳрига келадилар. У зотнинг набиралари бўлмиш ( Аллоҳ умрларини узун ва ўз ҳифзида килсин ), яъни ўғли Устоз Абдулбоқий қоридадамиз раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Неъматуллох қори шундай фикрларни билдиради : Опоқдадамиз мадрасада илм таҳсил килиш ўларок, шаръий тафсир, фикҳ илмларида қироат фани зарурлигини кўнгилларига тугиб юрган. Тарихдан маълумки, юртимизга ўз даврида Амир Темур бобомиз қироат фанининг шайхи Ал - Жазарийни олиб келган ва ундан кўплаб шогирдлар етишиб чиққан. Бироқ бу билан диний мутахассисларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондирилишининг иложи бўлмаган. Хусусан, ижозали қироат фани мутахассиси жуда зарур эди. Чунки ён - атрофда қироат, айниқса, тажвид фанига доир адода баъзи бир ихтилофлар мавжуд бўлган. Мисол учун: Қуръоннинг 30 - порасидаги "Масад" сурасининг 1- оятидаги сўзида “ташдид” ли “б” ҳарфини иккита "б" ва қалқаласи билан қувватли ҳолида чиқаришда бошқалар қувватсиз, қалқаласи бўш ва битта каби хато чиқариш кабиларга дуч келишарди. Шу боисдан ҳам бобокалонимиз ваҳий юрти Макка ва Мадинага бориб, қироат ва тажвид фанини ўрганиб келишни қасд қилганлар. Шу ниятда тез фурсатда ваҳий юртига илм, хаж ва Набийимиз алайҳиссалом зиёратини мақсад қилган холда сафарга чиқадилар. Бу ғайрат - шижоатларининг бир аломати бўлиш билан бирга, таваккуллари ҳам том маънода юксак эканлигининг нишонасидир. Бу азиз инсоннинг қасд ва азму қарорлари метинлигини кўпчилик уламолар эътироф қилишган. Устозимиз падари бузрукворига: "Агар Рўзи қори қироат фанида "Шотибия" ни ёдламабди, дейишса, у ҳали - бери келмайди экан, денглар", дея таъкидлаган экан. Жанобимиз Маккаи Мукаррамага чамаси 38-40 ёшлар атрофида бориб, ҳаж зиёрати амалларини адо этиш билан бирга ўша даврнинг етук қироат шайхи Абдуллоҳ қори раҳимаҳуллоҳда “Шотибия” ни ёдлаб, барча қироат ривоятларини оғизма - оғиз ўкиб бериб ўтказадилар. Бу муборак хатмона хижрий 1325 ( милодий 1908 ) йилда воқеъа бўлди. Шу ўринда ижоза учун ўқиб беришни бошлашдаги йўлиққан синов - имтихонларидан бири ҳақида тўхталмоқчиман . Буни хам жанобимиз дўстлари ( устозимизнинг боболари ) га ўзлари айтиб берган эканлар: Шайхимизнинг олдиларига бир ой қатнадим , 29 кунда ҳам "Аъуузу ..." дан ўтолмадим. Ундай ўтирсам, "Бундай ўтир", дейди . Бир оздан кейин: " Нимага бундай ўтирасан ?! Чукка тушиб ўтир " , дейдилар . Ўттизинчи куни " ... Агар бугун ҳам ўқитмасалар ... ' деб таваккул қилиб бордим. " Аъуузу ... " да ҳам тўхтатмадилар, бошка холатлар ҳам бўлмади. Аллоҳ улуғларнинг ишларининг сирини ўзи билгувчироқдир". Жанобимизга устозлари берган мақтов ва тазкиялар билан ижозада танишдик . Ҳижрий 1325 йилдан кейин ўз юртлари Андижонга келадилар. Масжидда хуфтон намозидан кейин Қуръони карим сураларини тафсир килиб, суҳбатларни бошлаган эканлар. У даврларда мадрасада ўқиган илми борлар халққа бундай тафсирлардан эмас, балки купроқ "Тарғиб ва тарғиб" (қизиқтириш ва огоҳлантириш) мазмунидаги китоблардан ўқиб берар экан. Кейинроқ мадрасага муаллим бўлиб фаолият бошлаганларида, фақат мадрасадаги толиби илмлар ва оддий халқ ҳам " ингичка " ҳарфларнинг " фатҳа " ( а ) сини ва " алиф " ни " о " деб, " ф " ҳарфини эса " п " деб ўкишига гувоҳ бўлиб, уларни қаттиқ туриб, тўғрилаган эканлар. Хатто, баъзи устозлардан тушунмовчилик бўлганда, Жанобимиз " Жазария " ва " Шотибия " китобларидан илмий кўрсатиб, баён қилиб ва ижозаларидаги барча шайхларнинг адоси ундай эмаслигини тушунтириб, тўғрилаган эканлар. Дарҳақиқат ана шундан кейин мадрасадаги устозлар хам қироатларини тўғрилашга киришган экан. Бинобарин, Хижрий 1327-1328 ( милодий 1909-1910 ) йиллардан эътиборан Қуръон ва шаръий илмлар хизмати фаоллашиб, уламолар то милодий 1929 йилгача мусулмонларнинг хизматида бўлганлар. Тарихдан маълумки, собиқ Совет тузумининг бошиданоқ барча аҳли илмларга исканжа кучайиб, ҳатто, тириклайин кўмиб ўлдиришлар бошланган эди. Жанобимизнинг шогирдларидан бири устоз Абдулазиз қоридадамиз шайхлари шундай деган экан: " Қорию муллалар пинхона кечаси олиб кетилиб, қамалганлар ичида мен хам бор эдим. Тириклайин кўмишга хукм бераётган бошлиқ мени кўриб, бир кечада чиқиб кетишга улгуриш шарти билан куйиб юборди. Ўша кеча оилам билан Қашқарга кочиб, чиқиб кетишни Аллоҳ муяссар қилди ", деб айтар эканлар. Ҳазратимиз бу даврда бутун Ўзбекистон бўйлаб, балки қўшни юртлардан ҳам шогирдлар етиштириб чиқаришга салмоқли ҳисса қўшган эдилар. Бинобарин, улар кейинчалик ҳам ҳатто, жанобимизнинг ўғиллари Абдулбоқий қоридада билан ўзларининг фарзанд ва набираларини ўқитишга олиб келиб, илмий ва биродарлик борди - келдиларини узмаганлар. Хусусан, ҳатто жанобимизнинг набиралари Неъматуллоҳ қори акамиз айтишларича: "Туркманистондан Боймуҳаммад қори аканинг дадалари ўғилларига : " Менинг қироат овозимни соғиниб, эшитмоқчи бўлсаларинг, Андижондаги устозим Мулла Рўзи домлам раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Абдулбоқий қорига бориб эшитинглар ", дер экан. Боймуҳаммад қорининг фарзандлари Абдулбокий қори хонадонларига келишиб, суҳбатлашиб ва Қуръон тиловатлар эшитишиб, ўтган азизларни фахр билан эслашган экан. Жанобимиз Қақарда яшаб, у ерда ҳам кўп ҳофизи Қуръонларни таёрлаб чиқардилар. У жойда икки йил бўлдилар. Юзлаб эмас, балки минглаб шогирдларни етиштирганлар. Улардан хар жойдан катталарини эсласак: Шогирдлари: Жалолиддин қори ака, Абдулазиз қоридада Тошкентлик, Қодиржон қорибува, Нишон қори ака ( устозини халифаси бўлган экан ), Абдуссалом қори ака, Нуриддин қори ака, Абдурраззоқ қори акалар - Хўжандлик, Файзуллоҳ қори ака, Исмоилжон қори ака - Ушлик, Сулаймон қоридада - Тошкентлик , Мухаммад Сиддиқ қори ака- Андижонлик, Абдулбоқий қоридада ва бошкалар. Мақомлари: аввало Маккадаги устозлари Абдуллоҳ қори жанобимизни олим, фозил деб таърифлашлари кифоя бўлсада, юртимиздаги улуглардан Алихонтўра Соғуний, Мавлавий Муҳаммаджон домла Ҳиндистоний роҳимаҳумуллоҳлар ва бошқалар ҳам у зотга ҳофизул Қуръон, Пайғамбар алайҳиссалом суннати ҳимоячиси, халқни тугри йулга етакловчи, қироат ва тажвидга доир ривоят ва қоидалар мулкининг султони, муҳожирлар фахри каби юксак баҳо берганлар. оламдан вафоти: ҳижрий 1346 ( милодий 1931 ) йилда Қашқарда ўтганлар. Аллоҳ раҳмат қилсин. Ижозаларидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўзларигача зикр қилинган устоз - шайхлар билан бирга қилсин.
Акбархон Асқаров,
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси