“Сеҳр” арабча сўз бўлиб, “келиб чиқиши махфий нарса”, “бирор нарсани аслидан бошқача қилиб кўрсатиш” маъноларини билдиради. (“Мўъжамул васит” китоби).
Сеҳр – ношаръий сўзлар билан тугунларга дам солиш ёки сеҳрланадиган кишига юзма-юз келмасдан ҳам унинг бадани, қалби ва ақлига таъсир қиладиган ишларни қилишдир.
Сеҳрнинг инсон жисмига зарарли таъсири мавжуд. Қуйидаги ояти каримада сеҳргарларнинг одамларга етказадиган зарари ва у фақат Аллоҳнинг изни билангина бўлиши ҳақида шундай дейилади:“Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар” (Бақара сураси 102-оят)
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ сеҳр қилиш ҳаром амал эканига ижмоъ бўлганини ривоят қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом еттита ҳалок қилувчи гуноҳни санаб, Аллоҳга ширк келтириш ва ноҳақ одам ўлдириш каби катта гуноҳлар ўртасида сеҳрни зикр қилдилар:“Етти ҳалок этувчидан четланинг”. Одамлар: “Улар нималар? Эй Аллоҳнинг Расули” -дедилар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш ва солиҳа, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, агар сеҳр қилувчи тавба қилмаса, охиратда қаттиқ азобга қолади. Ҳанафий уламоларимиз сеҳргар сеҳр амалини қилиши билан диндан чиқади, дейдилар. Бу эса, Аллоҳ паноҳ берсин, дўзахда абадий қолиш деганидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”
Ҳанафий, Моликий ва Ҳанбалийлар сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфр эканини айтадилар. Бунинг далили қуйидаги ояти карима: “(У икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!», – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар” (Бақара сураси 102-оят).
Аллоҳ таоло:
«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас» деган. («Тоҳа» сураси 69-оят )
Ушбу оят ва Қуръони каримнинг бошқа кўпгина оятларида Аллоҳ таоло сеҳр ва сеҳргарлар ҳақида маълумот берган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бир ҳадисда:
«Бани Зурайқ яҳудийларидан Лубайд ибн-ал Аъсам деган бир яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳрлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарса қилишни хаёл қилар эдилар, аммо қилмасдилар. Ниҳоят бир куни ё кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Кейин:
«Эй Оиша, сездингми? Аллоҳ мен у зотдан фатво сўраган нарсам ҳақида фатво берди. Ҳузуримга икки киши келди. Улардан бири бош тарафимга, бошқаси оёқларим тарафга келиб ўтирди. Бас, бошим тарафдаги оёқларим тарафдагига ёки оёқларим тарафдаги бошим тарафдагига:
««Бу кишининг дарди нима?» деди. Униси:
«Сеҳрланган», деди.
«Уни ким сеҳрлади» деди.
«Лубайд ибн ал-Аъсам» деди.
«Қайси нарсада» деди.
«Тароқда, тараганда тушган соч толасида ва эркак хурмо гулкосасининг қобиғида» деди.
«У нарса қаерда» деди.
«Зу арвон қудуғида» деди»
Бас Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бир гуруҳ одамлар билан ўша ерга бордилар.
Кейин (Қайтиб келиб):
«Эй Оиша, Аллоҳга қасамки, у (қудуқ) нинг суви худди ҳинонинг ивитилганидек. Хурмолари худди шайтонларнинг бошларидек» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, уни куйдириб юборганингизда эди» дедим.
«Йўқ. Менга Аллоҳ офият берди-ку. Одамларга бирор ёмонлик қўзғатишини кариҳ кўрдим. Амр қилдим, у кўмилди», дедилар.
(Икки шайх ривоят қилганлар, таржима: Шайх Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. «Ҳадис ва ҳаёт» 18-жуз. Тиб ва дам. 69 бет)
Сеҳр ва жодудан қутилиш йўллари ҳақида “Ҳадис ва Ҳаёт” силсиласининг ўн саккизинчи жузи “Тиб ва дам” китобида қуйидагилар келтирилади: Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини тааммул билан ўйлаб кўрган киши турли офатлар ва беморликларнинг ориз бўлиши ҳам борлиқдаги муқаддар қонун-қоидалардан бири эканини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бўладиган синовдир.
Ким солиҳ бандалар бало ва мусибатлардан узоқда бўлади деб ўйласа хато қилади. Солиҳ кишига офат ва мусибатларни етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббатининг аломатидир. Солиҳ кишига жумладан, беморликларни етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилгани аломатидир. Бундай кишилар учун офат ва беморликлар гуноҳларининг каффоратидир.
Ҳа, агар мусибатга учраган банда солиҳ бўлса, мусибат унинг учун гуноҳларга каффорат ёки даражотларининг кўтарилишидир. Агар осий бўлса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эслатишдир.
Гоҳида бандага сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам мусибат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши керак. Сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишдан сақланиш бир неча услублар ила амалга ошади
1. Тавҳид ила руҳни тетиклаштириш.
2. Борлиқдаги барча нарсанинг тасарруфини фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш.
3. Яхшиликларни кўп қилиш.
4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги ила машҳур бўлган одамлардан узоқда бўлиш.
5. Аллоҳдан сеҳр ва кўз тегишидан паноҳ сўраб керакли дуо ва зикрларни ўқиб юриш.
6. Мазкур дуо ва зикрлар ҳақ экани ва уларнинг фойдаси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, таъсир ҳам шунча кучли бўлади.
7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалби ҳозир бўлиши. Чунки ғофил қалб ила қилинган дуо қабул бўлмайди.
8. Кундузги дуо ва зикрлар бомдод ва кечкилари аср намозидан кейин айтилади.
9. Оятул Курсий, Бақара сурасининг охирги икки ояти, Ихлос, Фалақ ва Нас суралари сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун ўқилади. Бошқа дуолар ва зикрлар ушбу китобнинг тегишли жойида келган.
10. Сеҳрланиб қолганлик ва кўз текканлик аломатлари қуйидагича: кишининг аъзолари соғ бўла туриб бошининг у ер бу ери оғриса, юзи сарғайса, кўп терласа ва сийса, иштаҳаси йўқолса, юраги бежо бўлса, белининг ва икки курагининг пастида оғриқ бўлса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши бўлса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.
Шунингдек, бекордан-бекорга хавфсирайверса, аччиғи чиқаверса, одамларга қўшилгиси келмай қолса, дангаса бўлиб қолса, уйқуси келаверса, қўйингки, тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учраса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.
Мусулмон одамнинг иймони ва қалби кучли бўлиб васвасага йўл қўймаслиги лозим.
Сеҳр қилинган одам бир неча йўл билан муолажа қилинади.
Биринчиси, сеҳрнинг жойи аниқ бўлса, уни олиб Фалақ ва Нас сураларини ўқиб туриб тугунлари ечилади. Сўнгра куйдириб юборилади.
Иккинчиси, сеҳрни ўзига ўхшаш сеҳр билан муолажа қилиш. Бу иш ҳаромдир.
Учинчиси, шаръий дам солиш йўли билан муолажа қилинади. Бунда Фотиҳа, Фалақ ва Нас сураларини ёки Пайғабаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган дуоларни ўқилади.
Имом Абдурраззоқ «Мусаннаф» номли китобида сеҳрнинг муолажаси ҳақида қуйидаги маънони келтирган:
«Сидрнинг баргидан еттита олинади. Уларни икки тошнинг орасига олиб туйилади. Унга Кофирун, Ихлос, Фалақ ва Нас суралари уч марта ўқилади. Сўнгра сувга солиб ичилади ва ғусл қилинади. Аллоҳ шифо бергунча такрор қилинади».
Тўртинчиси, сеҳр қилинган нарса қоринда бўлса ич суриш, бошқа жойда бўлса, қон олиш билан бўшаш.
11. Дам солишнинг шартларидан бири Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳамда ривоят қилинган дуолар билан бўлишидир.
12. Дам солиш араб тилида ёки маъноси тушунарли бўлиши шарт.
13. Дам солиш ўзича таъсир қилмаслиги, шифони фақат Аллоҳнинг Ўзигина беришига эътиқод қилмоқ шарт.
14. Дам солувчи тақводор, солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалар тақводор бўлса, таъсири шунча кучли бўлади.
15. Дам солиш жараёнида сидқидилдан Аллоҳга юзланиш ва ёлбориш лозим.
16. Киши ўзига-ўзи дам солгани афзал.
17. Дам солдирувчи киши солиҳ мўмин бўлиши керак.
18. Дам солдирувчи киши шифони ихлос билан Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраши лозим.
19. Шифо бўлмаяпти деб шошилмаслиги керак.
20. Кўз тегишидан хавфсираган жойларга тумор, кўзнинг шакли, отнинг тақаси каби нарсаларни осиш мумкин эмас.
21. Сеҳргарлар одамларни ўзига ишонтириш учун тақводор бўлиб кўринишга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун улар намоз ўқишлари, зикр қилишлари ва бошқа одамларни жалб қиладиган ишларни амалга оширишлари бор.
22. Сеҳргарларнинг аломатлари кўп. Шулардан бири улар беморнинг ва унинг онасининг исмини сўрайдилар. Ҳолбуки шаръий дам солишда бу исмларнинг ҳеч кераги йўқ.
23. Сеҳргарлар баъзи кийимларини ёки кийим парчаларини келтиришни сўрайдилар.
24. Сеҳргарлар маълум сифатга эга ҳайвон келтиришни сўрайдилар. Уларнинг жинларга атаб сўйишлари ёки қонини беморга суртишлари мумкин. Бу ҳам сеҳргарликнинг аломати.
25. Сеҳргарлар маъносини тушуниб бўлмайдиган тилсим ва шаклларни чизадилар.
26. Сеҳргарлар беморга тўртбурчак шакллар ичига турли ҳарфлар ва рақамлар ёзилган варақлар беришади.
27. Сеҳргарлар беморларни одамларга аралашмай маълум муддат алоҳида хонада яшашни амр қиладилар ва ҳоказолар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Албатта, дам солиш (афсун ўқиш), тумор тақиш ва иссиқ-совуқ қилиш ширкдир» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти). Кимки тумор ёки мунчоқ тақиб, бу кўз тегишидан сақлайди, деб эътиқод қилса ширк келтирган бўлади. Иссиқ-совуқ Аллоҳ таоло битган тақдирга таъсир этади, деб эътиқод қилишади. Бу эса ширкдир. Хитобий розияллоҳу анҳу айтадилр: «Агар Қуръон ёки Аллоҳ таолонинг исмлари билан дам солса, бу мубоҳдир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга дам солиб: «Сизларни Аллоҳнинг тўлиқ калималари ила ҳар бир шайтону ҳашаротдан ва ҳар бир ёмон кўздан Ўз паноҳида сақлашини сўрайман», дер эдилар» (Ҳоким ривояти).
Аллоҳ паноҳ сўралгувчи зот, суянишга лойиқ зот ҳам У дир.
Манбалар асосида Шаҳрисабз туманидаги "Оқмасжид" жоме масжиди
имом-хатиби Солихон Сулаймонов тайёрлади.