1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Огоҳлик - давр талаби

19-06-2022, 09:43 500 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, унинг ризқини канда қилмай бериб туради. Аллоҳ ўз бандаларига енгилликни истайди Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди..”.  Аллоҳ бировга кўпроқ, бошқасига озроқ, ҳамманинг ризқини аниқ белгилаб қўйган. Бировнинг ризқи адашиб бошқаникига бориб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди ҳам.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўзларининг машҳур Видолашув ҳажларида бундай марҳамат қилганлар: “Бу кун гуноҳ ишлар ҳаром қилинган кундир. Бу шаҳар гуноҳ ишлар ҳаром этилган шаҳардир. Бас, шу каби сизларнинг қонларингизга, мол-дунёларингизга, ор-номусларингизга тажовуз қилишлик ҳам бир-бирларингизга ҳаромдир. Одамлар кимнинг тили ва қўлидан омонда бўлишса, ўша киши мусулмондир, одамларнинг мол-дунёлари ва жонлари кимдан омонда бўлса, ўша киши мўминдир”. Муқаддас динимиз одам савдоси масаласига ана шундай жиддий муносабатда бўлади.
Ҳозирги пайтда у ёки бу даражада бўлсада иши, касби кори бор бўла туриб, рўзғори юриб турганига қарамай, шукрни унитиб ота-онаси, оиласи, иссиқ ўрнини ташлаб чет элга пул топиш илинжида кетаётганлар ҳар бир онгли кишини ўйлантирмай қўймайди. Шу ўринда бир ҳадисни келтирсак: Абдуллоҳ ибн Миҳсон (р.а)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Ким жони омонда, жасади саломат, ҳузурида кунлик таоми билан тонг орттирган бўлса, гўё унда дунё яхшиликларининг барчаси жам бўлибди” (Имом Термизий ривояти). 
Ахир, неъматни борлигида қадрига етиб, шукрини адо қилсак, Аллоҳ ўз ваъдасига кўра неъматини янада зиёда қиладику.  Бир мутафаккир: “Шукр қилишга доим сабаб бор, пиёда улови йўқлигидан куйинмасин, оёғига кийишга нарсаси йўқлар қанча, ялангоёқ кимса ўз ҳолидан оғринмасин, оёғидан айрилганлар қанча, оёғи йўқлар хафа бўлмасинлар, тирикликнинг ўзи катта неъмат” деган эди. 
Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: “Ўзингиздан пастда бўлганларга назар солинглар, ўзларинигиздан юқори бўлганларга назар солманглар. Албатта мана шу Аллоҳнинг сизга берган неъматларини паст санамаслигингиз учун яхшидир”. Уламоларимиз мазкур ҳадиснинг шарҳида бу ерда кўзда тутилган “назар солиш” дунё ишлари, бойлик, моддий неъматлар ва соғлиққа доир эканлигини таъкидлайдилар. Шунга кўра, юқорида келтирилган ҳадисдан мусулмон одам моддий неъматлар, бойлик, ҳовли-жой, соғлиқ ва шу кабиларда ўзидан пастдаги даражада бўлганларга ибрат назари билан қараши лозимлиги, бу иш унинг Аллоҳга доимо шукр қилишига ёрдам бериши, ношукрлик, Аллоҳнинг неъматларини паст санаш каби гуноҳлардан сақланишига сабаб бўлишлигини англаб оламиз. Илм, яхшилик, савоб кабиларда эса киши ўзидан юқори бўлганларга назар солиши, уларга  тенг бўлишга интилиши лозимлиги уқтирилади.
Энг ёмони пул топиш истагида хорижга кетганларнинг баъзилари чет элдаги ясама “дин даъватчилари”нинг қармоғига илиниб, сохта “ҳижрат” ва “жиҳод” даъватларига учаётгани, уч-тўрт сўм учун низо ва уруш ўчоқларида қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. Булар учун Ватанга муҳаббат, шу заминнинг гуллаб-яшнаши йўлида хизмат қилиш ҳисси каби тушунчалар мутлақо ётдир. 
Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш - ҳар биримизнинг энг асосий вазифаларимиздан бўлиб қолмоғи лозим. 

Асқарбек Ҳакимов,
Косон туманидаги “Раҳим сўфи” жоме масжиди имом-хатиби