1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мазҳабсизлик - залолатдир

20-06-2022, 08:24 202 Ўқиш режими + -
Мазҳаб дейилганда, асрлар оша мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб топилган, мусулмонлар оммаси иттифоқ қилган, оқибати  ёмон бўлишидан қўрқилмайдиган, У Зотнинг розилигига эриштирувчи йўлдир.
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб “йўл”, “йўналиш” деган маъноларни билдиради. Шаръий   истилоҳда эса “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. 
Фиқҳий мазҳаблар ҳозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Муҳаддис олимлардан бири Абдулҳақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар йўли ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” (“Шарҳу сафарус-саъада” китоби).
Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу ҳаволари билан изоҳлаб, салафи солиҳларимиз йўлидан оғишмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
إِنَّ الله لاَ يَقْبِضُ الْعِلْمَ انْتِزَاعًا، يَنْتَزِعُهُ مِنَ الْعِبَادِ وَلكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقبْضِ الْعُلَمَاءِ حَتَّى إِذَا لَمْ يُبْقِ عَالِمًا، اتَّخَذَ النَّاسُ رُءُوسًا جُهَّالاً، فَسُئِلُوا، فَأَفْتَوْا بغَيْرِ عِلْمٍ، فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Аллоҳ таоло бандаларидан илмни тортиб олиш билан кўтармайди, балки илмни олимларни олиш билан кўтаради, ҳаттоки биронта олим қолмайди. Шунда одамлар жоҳилларни йўлбошчи қилиб оладилар. Улардан сўрайдилар, улар жавоб берадилар, ўзлари ҳам адашадилар, одамларни ҳам адаштирадилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
 
Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр аҳлидан сўрашга буюрган”, дея одамларни алдашга уринмоқда! Хўш, мазҳаббошлари зикр аҳли бўлмаса, унда ким экан?! Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак?!
Бошқа бир ҳадиси шарифда янги-янги тоифалар пайдо бўлиб, одамларни тўғри йўлдан оздириши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом огоҳлантирганлар:
 يَكُونُ في آخِرِ الزَّمَانِ دَجَّالُونَ كَذَّابُونَ يَأْتُونَكُمْ مِن الأَحَادِيثِ بِمَا لَمْ تَسْمَعُوا أَنْتُمْ وَلاَ آبَاؤُكُمْ فَإِيَّاكُمْ وَإِيَّاهُمْ لاَ يُضِلُّونَكُمْ وَلاَ يَفْتِنُونَكُمْ
 (رواه الإمام مسلم)
яъни: “Охирзамонда «дажжоллар», каззоблар бўладилар, улар сизлар ва сизларнинг оталарингиз ҳам эшитмаган ҳадисларни кўтариб келадилар. Сизлар улардан, улар эса сизлардан узоқ бўлсин! Улар сизларни залолатга бошлаб қўймасинлар, сизларни фитнага аралаштириб, алдамасинлар!” (Имом Муслим ривоятлари).
Тарихдан маълумки, аҳли сунна ва жамоа уламолари мусулмонлар орасига соф Ислом ақидасини сингдириб, тўғри йўлни маҳкам ушлаб келмоқдалар. Биз ҳам мусулмонлар орасини бузишни ўзларига касб қилиб олганларнинг алдовларига учмасдан, ўтган улуғлар йўлида собитқадам бўлиб бормоғимиз лозим.
Агар бузғунчиларнинг асоссиз сафсаталарига қулоқ соладиган бўлсак, Исломнинг ўн икки асрлик тарихидан воз кечган бўламиз. Аҳли сунна ва жамоа йўналишида ижод қилиб ўтган минглаб забардаст уламолар ёзган ноёб асарлардан бебаҳра бўлиб қоламиз. Асрлар мобайнида барча мусулмонлар амал қилиб келаётган анъаналар бекорга чиқади. Натижада мусулмонлар орасида парокандалик юзага келади.
Ватанимиз мусулмонлари неча асрлардан бери ҳанафий мазҳабига биноан ибодатларини бажариб келмоқдалар. Бирор киши илмсиз ҳолда: “Мен ҳанафийдан бошқа мазҳабдаман”, дейиши дуруст эмас. Бу иш унинг ўзига зарар беради. Сабаби, бизда бошқа мазҳаблар бўйича фатволар айтилмайди.
 
 
 Нормурод Шойимов, 
Китоб тумани "Севаз" жоме масжиди имом-хатиби