1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ГУНОҲЛАРГА ПАРДА БЎЛАДИГАН АМАЛ – ҲАЁДИР...

20-06-2022, 09:55 304 Ўқиш режими + -

Муҳим ахлоқий меъёр, айни пайтда хулқий гўзалликнинг асосий белгиларидан бири. Ҳаё уят ҳисси билан ўхшаш бўлса-да, аслида андиша ва ибога яқин фазилат тарзида намоён бўлади, у нафосат билан уйғунлашиб кетади. Уят ҳиссида инсоннинг ўзи содир этган ёки бошқалар воситасида амалга оширилган ахлоқийликка зид хатти-ҳаракатларидан ноқулай вазиятга тушиш, ўнғайсизланиш ҳолати пайдо бўлади, бу ҳолат хатти-ҳаракат содир этгандан сўнг ҳам давом этади ва кўп ҳолларда виждон азобини қўзғатади. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иймон етмиш нечта  шохчадан иборатдир. Ҳаё иймоннинг шохларидан бир шохдир”, дедилар. (Имом Бухорий ривоят қилганлар).
Уламоларимиз ҳақиқий ҳаёни эҳсон билан қиёс қиладилар. Эҳсон нима? Ҳадиси шарифларда келтирилганидек, эҳсон Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Ҳаё ҳам айнан шунинг ўзи, дейдилар. Намозда рўбарў бўлаётган эканмиз, Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қила олишимиз керак. Шунда мукаммал ҳаё рўёбга чиққан бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, айримларимиз мана шу ҳаёдан маҳруммиз. Бундан ғафлатдамиз. Асосий катта шох бўлган намозга эътибор берамизу, лекин мана шу шохнинг асл меваси бўлмиш ҳаёга эътибор бермаймиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи саллам саҳобаи киромларга ҳаёнинг нима эканлигини тушунтириб: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилмоқлик билан ҳаё қилинглар” дедилар. Саҳобаи киромлар: “Алҳамдулиллаҳ, я Расулаллоҳ, биз Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қиламиз”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар айтаётган ҳаё ҳақиқий ҳаё эмас. Балки ҳақиқий ҳаё бош ва бошга тегишли бўлган барча аъзоларни Аллоҳ манъ этган нарсалардан сақламоқдир. Қорин ва қорин бўшлиғига тегишли бўлган барча аъзоларни Аллоҳ манъ этган ишлардан сақламоқ ва ўлимни эслашу, ўлимдан кейинги азобу уқубатни унутмаслик. Кимки мана шу ишларни амалга ошира олса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилибди” дедилар.
Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаёларини зарбулмасал қилиб келтирар эканлар: “Усмон розияллоҳу анҳу шу даражада ҳаёли эдиларки, уйларининг ичкарисига кириб, эшикни бир неча марта қулфлаб олиб, чўмилмоқчи бўлсалар, кийимларини ечгани ҳаё қилар эдилар”, дейдилар. Аллоҳдан ҳаё қилишликнинг ҳақиқий кўриниши, бир инсон жамоат жойида қандоқ ҳаёлик бўлса, ёлғиз қолганда ҳам худди шундай ҳаёли бўлиши кераклигидир.
Алҳамдулиллаҳ, ҳаммамизда қанчадир миқдорда ҳаё бор. Ҳар бир инсоннинг фитратида Аллоҳ таоло ҳаёни бор қилиб яратади. Аммо шуни ривожлантириш, уни шариатнинг қолипига мувофиқлаштириш ўша инсоннинг ўзига қолган иш бўлар экан. Бу эса у инсоннинг касби билан ҳосил бўлади. Агар ушбу ҳаё ўз ҳолига ташлаб қўйилса, у шариатдан ташқари ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло барчамизни ҳаёли бандаларидан қилсин.
 
Музаффар Қосимов,
“Хожа   Бухорий”    ўрта    махсус 
ислом билим юрти ўқитувчиси