Туҳматдан сақланайлик!
7131
21-06-2022, 12:04
237
Ўқиш режими
+
-
Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланган ҳозирги асрда бир инсоннинг қарашлари жамиятнинг бошқа аъзоларига ва ҳаттоки, бутун жамиятга катта таъсир этмоқда. Бугунги кунда баъзи ижтимоий тармоқларда (Элтуз интернет нашри) Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани марказида жойлашган “Жоме” жомеъ масжиди раҳбар ходимлари тўғрисида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ҳеч қандай ҳуқуқий асоси бўлмаган маълумотлар тарқатилди.
Ушбу ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз: Туман бош имом хатиби вазифасида фаолият юритиб келаётган шахснинг фаолиятига нисбатан ҳозиргача раҳбарият тарафидан жиддий эътирозлар бўлмаган ва у белгиланган тартиб қоидалар асосида фаолият олиб бормоқда. Ушбу шахс фаолиятининг аризачиларда норозилик уйғотган жиҳатлари батафсил очиқланиши шарт эди ва ўша ҳолатда вилоят вакиллиги томонидан ушбу имомнинг фаолияти тўлиқ ўрганиб чиқилган бўларди. Ушбу ҳолатда эса мазкур шахс томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар мутлақо очиқланмаган ва умумий гап-сўзлар билан кифояланилган.
Шунингдек ҳозирда, масжид имом-ноибини ишдан озод этиш масаласи Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги кун тартибида мавжуд эмаслигини ҳисобга олсак, ушубу маълумотнинг туҳматдан бошқа нарса эмаслиги яққол намоён бўлади.
Шунингдек, ушбу маълумотдаги “Баъзи чала ҳожи акаларимиз масжидга бошқа имом қўйдириш ва эскиларини бўшатиш учун 500-1000$ доллар керак бўлиши ва ўзлари вилоят вакиллигига бориб, шу ишни ҳал қилишини айтишмоқда”, деган сўзлар ҳам мутлақо исботи йўқ бўлган қип-қизил туҳматдан иборат тўқималардир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсониятни ўзгаларга туҳмат қилиш ва туҳматга қулоқ тутишдан қаттиқ қайтардилар. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Бўҳтончи иғвогар жаннатга кирмайди”, деб марҳамат қилдилар. Чунки у шайтоннинг лашкари ва жосусидир.
Қўйилган материалдаги ҳолатларда аслида воқеага теран назар солинса ҳеч қандай жиддий қонун бузилиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги, кўрсатилаётган важлар ва қўйилаётган айблар бир томонлама ва фактлар билан асосланмаган даъволар эканлиги яққол намоён бўлади. Бу ҳолатдаги энг ачинарли жиҳат манфаатлар тўқнашуви сабабидан камчилик томонидан аҳилликда ибодатларини адо этиб келаётган бутун масжид аҳли орасига нифоқ ва бўлиниш солаётганлигидадир.
Миш-миш тарқатиш – динимизда гуноҳи кабира ҳисобланади. Нега бундай? Сабаби у орқали ришталар узилади, ёмонликлар урчийди, бирлик йўқолади, турли фитналар вужудга келади. Уламолар миш-миш тарқатиш – ҳасадчи душман тўқийдиган, фосиқ-мунофиқ тез илиб оладиган, мағрур жоҳил тарқатиб юрадиган қабиҳ иш ҳисобланади, дейишган.
Миш-мишлар тарқатгувчи – фосиқдир Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Демак, тўғри келган хабарни олиб келган киши фосиқ ҳисобланар экан. Хабарни эшитган киши унга ишониб кетавермасдан, аввал яхшилаб текшириб кўриши керак экан.
Ўйламай гапирадиган киши дўзахга тушади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бир банда оқибатини ўйламай Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган бир сўзни айтади-да, ўша билан даражасини кўтаради. Яна бир банда бепарво Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган бир сўзни айтади-да ўша билан уни жаҳаннамга ташлайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай бир пайтда мазкур маълумотларни тарқатаётганлар ўзларининг ҳолатларини, тарқатаётган маълумотларининг аҳамияти ва холислигини яна бир бор таҳлил қилиб, ўйлаб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги матбуот хизмати