1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ГИЁҲВАНДЛИК - ҲАЛОКАТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

22-06-2022, 11:37 227 Ўқиш режими + -
Шукроналик хисси инсонни бахт остонасига етаклайди. Ҳақиқий  бахтли инсон  ички дунёси нурафшон инсондир. Уларга қанча хавас қилсак шунча арзийди. Афсуски, ички дунёси ва ташқи кўриниши мутлақо бир-бирига зид бўлган инсонларнинг ҳам учраб туриши анча хавотирлидир. Бу каби инсонларнинг ички дунёси шу қадар ғарибки, бора-бора ташқи кўринишига ҳам таъсир ўтказа бошлайди. 
Гиёҳвандлик дардига чалинган инсонлар айнан мана шундай кишилар тоифасига киради. Гиёҳвандлик соғлом фикрли инсонлар томонидан доимо қораланиб келинади. Дунёвий фанлар ва динда ҳам ушбу иллат инсониятга бахтсизлик олиб келиши айтилади. Хусусан, ислом шариатидаги барча кўрсатмалар одамлар ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат, инсоф-адолат, эзгу ахлоқ ва ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. 
Гиёҳвандлик инсоннинг жонига зарардир. Ҳолбуки ҳар бир одам ўз вужудини, ҳаётини, соғлигини барча зарарли нарслардан сақлашга мажбурдир. Маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар нақадар зарарли эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Содир этилаётган аксарият жиноятларга ҳам айнан мана шу иллатлар сабаб бўлаётгани ҳам бунга мисол бўлади. Айтиш мумкинки, гиёҳвандлик бахтсизлик  йўлига олиб чиқадиган офатдир. Бу офат шу қадар инсонга катта зиён етказадики, бутун борлиқни унутади. Шу қаторда барча қадриятлар, яқин инсонлар, улуғ неъматлар йўққа чиқади. Биргина хато билан  катта чоғга, ҳалокатга инсон ўзини ўзи ташлайди. Бу борада Қуръони каримда мўминларга хитобан шундай дейилади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг”.
Гиёҳвандлик инсонни мол-мулкидан айиради. Нафақат ўзининг балки, барча яқинларининг дунёсига дахл солади. Уларни ҳам хароба яшашга мажбур этади. Негаки, гиёҳванд модда қабул қилиш учун бемор ҳар қандай қабиҳлик йўли билан бўлса ҳам пулни қўлга киритишга интилади. Дастлаб, ўзининг бор будини сотади, кейинчалик яқинлариникига ўтади, ундан ҳам кейин бошқаларнинг бойлигига ўта бошлайди. Бу йўлда “мол” учун манба топишга қўл урган гиёҳвандлар кўплаб жиноий ишлар қилишлигин кўп бора кўрганмиз. 
Шунингдек, гиёҳвандлик инсоннинг ақлига зарар етказади. Аллоҳ таоло томонидан инсонга ато этилган энг улуғ неъматлардан бири ақлдир. Инсон тўғри йўлда юриш учун ўз ақлини муҳофаза қилмоғи лозимдир. Шу сабабдан ислом дини ақлнинг фаолиятига салбий таъсир этувчи ва уни тўсувчи ҳар қандай нарсани ман қилган. Ақлини бошқара олмаган инсонларнинг аксарияти гиёҳвандлик кўчасига кириб қолгандирлар. Улар барча нарсаларга юзаки қарашни одат қилиб олишади. Фақат ўзининг нафсини қондириш билан дунёга қарай бошлайди. Яна бир ачинарли жиҳати уларнинг насли бузилиб кетади. Натижада ногирон болалар дунёга келади ва бир умрлик оғриққа, азобга маҳкум бўладилар. Ўз ота-оналарининг хатоларини фарзандлар ювишга мажбур бўлади. 
Ҳолбуки, инсон ўз наслининг давомчилари бўлган авлодларига яхши сифатларини мерос қилиб қолдириши лозим. Гиёҳвандлар эса, ўз зурриётларини майиб-мажруҳ, ногирон, ақлан заиф, ахлоқи бузуқ ҳолда дунёга келишларига сабабчи бўлади. Ҳар бир дунёга келадиган чақалоқ турли нохуш кўриниш ва ҳолатлардан холи бўлиши учун аввало, ота-она ўзлари барча ёмон иллатлардан фориғ бўлишлари шарт. 
Бир неча асрлар давомида улғайиб келаётган инсоният ўзи кашф қилган айрим нарсалардан қаттиқ азият чекмоқда. Гиёҳвандлик каби иллат одамзотнинг наслига, ҳаётига, яшаш тарзига зарар келтирмоқда. Ақл-идрокли инсонлар эса доимо бу каби иллатларга қарши кураш олиб бораверадилар. Юртимиздаги тинчликка, ривожланишга шукрона қилиб ўз ички дунёсини бойитади.
 
 
 
О.АҲМЕДОВ,
Қамаши туман бош-имом хатиби.