1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мўмин-мусулмон авратини ёпмайдиган либос киймайди

22-06-2022, 12:36 260 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло Қуръони карим”да шундай дейди: “Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидандир” (Аъроф сураси, 26-оят).  Ушбу оятнинг тафсирида: “Яъни, душман сизларни жаннат либосидан маҳрум қилди. Энди сизларга дунёда қандай либосда бўлишгингизни ўргатаяпмиз. Қандай либос кийманглар, ҳамиша тақвода бўлинглар, Аллоҳдан қўрқинглар. Оят мазмунидан англашиладики, ким Аллоҳ амриларидан чекиниб, қайтариқларини инкор этиб шайтон ва нафс алдовига учса, кийимсиз, қип-ялонғоч одам ҳолатига тушади. Бундайлар ҳеч нарсадан уялмайдиган, орланмайдиган бўлиб қолади. Уят, инсоф, ор йўқолса, одам инсонликдан чиқади, илоҳий раҳмат ва мағфиратдан бенасиб қолади, унинг бошқа махлуқлардан фарқи бўлмайди”дейилади.
Ҳозирги кунда айрим аёл-қизларимиз ўзгаларга тақлиб қилиб, ҳар хил кийимларни кийишлари кузатилмоқда.  Бу ҳақда шундай дейилади: “Асосий талаб эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги саналади. Ҳанафий мазҳабимизга кўра аёл киши ўранганида икки қўлининг кафти ва юзидан бошқа аъзоларини ёпиши вожибдир. Бунга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳога қарата айтган қуйидаги ҳадислари ҳам далолат қилади:
"يَا أَسْمَاءُ، إِنَّ الْمَرْأَةَ إِذَا بَلَغَتِ الْمَحِيضَ لَمْ يَصْلُحْ أَنْ يُرَى مِنْهَا إِلاَّ هَذَا وَهَذَا" وَأَشَارَ إِلَى وَجْهِهِ وَكَفَّيْهِ"
(رَوَاهُ الامام أَبُو دَاوُدَ).
яъни: “Эй Асмо, аёл киши вояга етганда ундан мана бу ва мана бу жойларидан бошқаси аъзоси кўриниши мумкин эмас”, деб юз ва икки кафтларига ишора қилдилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Лекин ҳозирда айрим аёл-қизларимиз сохта ғоялар таъсирида, ўзгаларга тақлид қилиб мазҳабимизга хилоф ва миллий урф-одатларга зид равишда юз ва қўлларини тўсган ҳолда бурқа ва ниқоб тақиб олиш ҳолатлари учраб турибди. Аслида ҳар бир нарсада бўлгани каби, кийимда ҳам мўътадил бўлиш мақсадга мувофиқ саналади” .
Кийинишда мўътадилликни сақламасдан, ўзгаларга тақлид қилиш тақвадорлик ҳисобланмайди. Бу ҳақда:“Аёл кишининг юзини беркитиши, қўлларига қўлқоп тақиб олиши ёки айрим йигитларнинг узун соқол қўйиб олиши уларнинг тақводорлигини ифодаламайди. Аслида тақво инсоннинг қалбида бўлиб, унинг нишонаси амалда ва инсонлар билан муомалада намоён бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида:  
"التقوى ها هنا وأشار إلى القلبِ بحسْبِ امريءٍ من الشرِّ أن يحقِرَ أخاه المسلمَ" (أخرجه مسلم).
яъни: “Тақво бу ерда, деб қалбга ишора қилдилар ва “Бир кишининг ёмонлигига биродарини таҳқирлаши етарли бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳозирда айрим йигитлар бетартиб соч-соқол қўйиб, атрофидагилар билан қўпол ва дағал муомалада бўлиши, ҳар-хил бемани ёзув ва расмлар туширилган футболка, калта шим ва  шиппакларда кўчани тўлдириб юриши мусулмончилик одобларига тўғри келмайди.  Мусулмон кишининг одоби унинг қуруқ даъвосида эмас, балки, юриш-туриши, ҳаракоту саканотида намоён бўлиши лозим. Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтишимиз лозимки, баъзи қизларимизнинг миллийлигимизга муносиб бўлмаган, тиззалари йиртиқ-ямоқ шимларни, "мода" деб турли бемаъни расм ва ёзув солинган кийимларни кийиб олишлари адабсизлик ва ҳаёсизликдир. Зеро, аёл-қизлар Аллоҳ берган ҳусну жамолини кўча-кўйда кўз-кўз қилиб гуноҳга ботмай, иффатли кийинишлари керак” дейилади.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга ҳидоят қилиб, икки дунё саодатига еткарсин! 
 
М. Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари