Ислом дини енгиллик динидир, унда чуқур кетиш йўқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара, 185).
Шу маънода, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси-шарифда шундай дейилади: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”.
Шунингдек, Ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадиси-шарифда: “Динда чуқур кетадиган (мутанаттиъийн)лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганларлар ҳалок бўлди”, – дейилади (Имом Муслим ривояти).
Динда чуқур кетишнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга ҳидоят қилиб, Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!
Р. Акбаров.