1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК- ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

30-06-2022, 16:30 592 Ўқиш режими + -
Барчага меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло ўзининг энг яхши неъматларини Ўз бандаларига ато этган. Шу неъматларнинг энг сараси ва энг қадирлиси бўлган тинчлик ва хотиржамлик неъматини суйган бандаларига берган бўлиб бизнинг диёримиз ҳам ана шундай яратганнинг назари тушган жойлардандир.
Мусулмонлар бир-бирлари билан кўришганда “Ассалому алайкум”, яъни “Сизга тинчлик-омонлик тилайман” дея саломлашадилар. Халқимизнинг энг яхши кўрган ва кўп такрорлайдиган дуоси “Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил”, деган дуодир. Доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – ҳурлигинг” каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Боболар насиҳатида, оналар айтган аллаларда бежизга тинчлик, хотиржамлик кўп тилга олинмайди.
Дарҳақиқат, инсонларга тинчлик, осойишталикдан кўра тансиқроқ, азизроқ неъмат борми? Юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги татимайди. Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилиб кетади.
Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қиладики:
“Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз...” (Бақара сураси, 208-оят).
Қуръони каримнинг “Моида” сураси 2-оятида:
“... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. - дейилади. Бу ояти каримадан маълумки, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик барқарор бўлишига бош омилдир.
Қуръони карим амрлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари мусулмон уммати учун қонун ва дастурдир. Бу уммат ўзларидан бўлган ишбошиларнинг кўрсатмаларини ҳам бажаришга масъулдир. Бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, беғубор осмон ва нурафшон кунларимизнинг қадр-қиммати, аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб кетган. Тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларда, масжидларда жамоатнинг, хонадонлардаги кексаларимизнинг дуоларида, болаларимизнинг шодон чеҳраларида, халқимизнинг саодатли турмушларида тинчлик ғояси устувордир. Ҳадиси шарифда айтилганидай:
“Икки энг азиз неъмат борки, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир”.
Хулоса қилиб айтганда, неъматнинг қадри у йўқолганда билинади, унинг йўқолмаслиги эса доимо шукрини қилиш билан бўлади. Шундай бўлгач, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етайлик. Яратгандан бир-биримизга тинчлик, омонлик, осойишта ҳаёт, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик- хотиржамлигимизни ҳамиша барқарор қилсин, жаннатмакон юртимизни тинч, имон ва эътиқодли меҳнаткаш халқимизни фаровон, икки дунёда саодатли, осмонимизни мусаффо қилсин.
  
НУРИДДИНОВ МУРОДУЛЛАХОН
 Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом-хатиби