1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ношукрлик оқибатлари

1-07-2022, 08:09 1 057 Ўқиш режими + -
Суқрот айтади: «Неъмат ва давлатингиз бор пайтда шукр бажо келтириб, бошингизга қийинчилик тушган вақтда сабрни ўзингизга йўлдош қилинг. Сабр ҳар бир енгилликнинг очқичи бўлиб, неъматга шукр қилиш давлат ва осойишталикнинг кўпайишига сабаб бўлади».
Хўш, ўзи биз нимага шукр қилишимиз керак? Худо берган неъматлар нималар? Биринчиси - тириклигимиз, ҳар тонг нафас олиб кўз очишимиз. Иккинчиси - фақат инсонгагина берилган забон ва ақлимиз. Учинчиси - Ватанимиз. Тўртинчиси – оиламиз, ота-онамиз, фарзандларимиз. Бешинчиси – яшашимиз учун яратилган табиий неъматлар. Олтинчиси – тинч-осуда ҳаётимиз.
Шукр Худо берган инояту неъматларни аввало ўзингга қабул қила бил, дегани. Қабул қилиш эса Худо сенга ақл, тил, кўз, қулоқ берган, уларни ишлатиб, яшаб кўр, атрофни кузат, одамларни ўрган, улардан ибрат ол, савоб ишларга қўл ур, ана ўшандан кейин ўзингга яна нима кераклигини ўйлаб кўр, ўрган, дегани.
Ношукурлик ҳам тасодифан пайдо бўладиган ҳолат эмас, шунинг учун феълимиздан бирданига кетиб қолмайди. Негаки, шукур қилмаган, эҳтиёжидан имкониятидан ортиқ имтиёз, шон-шуҳрат талаб қилиш одамга барибир ёқимли туюлаверади. Айниқса, бир-икки талаби амалга ошиб қолса, кўзини шира босади. Ўзини ҳақ сезади. Ҳар бир ножўя ҳаракатини оқлашга тушади. Бу йўлда ҳеч нарсадан уялмайди. Инсоният билан бирга пайдо бўлган бу иллатни халқимиз қадим-қадимлардан қоралаб келган. Ношукур бандалар ҳеч қачон таскин билан яшамаган. Бундай кимсалар ҳатто ўзига кўрсатилаётган мурувватдан ҳам қандайдир камчилик топмоқчи бўлишади.
Ношукур кўзга тез ташланадиган шахс бўлади. Баъзи одамлар бирданига бойиб кетса  босар тусарини билмай қолади. Ўтмишини унутади. Беш тўрт тангалик  бўлиб олиб янада фаровон ҳаётни орзулайди. Хотинни  кўпайтириб, пировардида қўша  хотинлар орасидаги мезонни эплолмай  қолади. Яна бошқалар эса бошқа аёл учун ўз хотини, фарзандларидан  воз кечишгача боради. Буларнинг асоратида болалар тирик етим  қолади. Кечаги бойвачча энди ўз  пуштикамаридан бўлган болага алимент тўлашдан бўйин товлайди. Одамзод мол-давлат тўплаганида ўзига қойил қолиб нафақат ўзлигини, балки Худони ҳам унутади. Бу худбинликнинг оқибатида нафс  янада ҳаккалак отади. Хом сут эмган банда эришган бойлигини кўпайтириш учун ҳар қандай  йўлдан қайтмай  қўяди. Айни жиҳат уни тубанлик  ва қатор жиноятларга ошно қилади. Ҳудди шундай  ҳолатдаги киши бойлик учун коррупциядан, ўғирлик  ва порахўрликдан, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан  тап тортмайди. Унинг кўзига фақатгина бойлик  кўринади ва қалб зиёси сўнади. Шунинг учун киши қаноатли бўлиши, Аллоҳ таолонинг “шукр қилинглар, зиёда қиламан” деган сўзига биноан ҳаёт кечириши лозим.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
“Чим” жоме масжиди имом-хатиби