1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фитнанинг зарарлари

1-07-2022, 19:25 439 Ўқиш режими + -
Ислом олами мамлакатларида бундай бузғунчилик ишлари мусулмонлар орасига нифоқ ва раҳна солиш орқали тинч-осойишта жамиятда ижтимоий беқарорлик, иқтисодий ва сиёсий таназзул чиқаришга қаратилган фитналар шаклида амалга оширилмоқда. Қатор мусулмон мамлакатлари, айниқса, араб давлатларида бу каби фитналар аҳолининг бошига мислсиз кулфатлар келтирётгани, юз минглаб бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлаётгани, қочқинларнинг аввал тарихда кўрилмаган катта оқими вужудга келгани, бугунги кунда ҳам айрим ҳудудларда қуролли тўқнашувлар кетаётгани фикримизнинг далили бўлади.
Сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятининг биргаликда ривожланиш йўлида эришаётган ютуқлари билан бир қаторда инсон қалби ва онги учун курашларнинг янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга қаратилган хатти-ҳаракатларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Шу нуқтаи-назардан, мазкур тушунчанинг моҳият-мазмунини ёритиб, фуқароларимизни, айниқса ёшларимизни фитналардан келиб чиқадиган хатарлардан огоҳ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Фитна” (араб. – синаш, имтиҳон қилиш, азоблаш, бошини айлантириш, тўғри йўлдан оздириш, адаштириш, васваса қилиш) – луғатшуносларнинг фикрига кўра, “Фитна” сўзи арабларда олтинни ўтга тутиб, ёт моддалардан тозалашни англатган. Шу нуқтаи назардан, фитна “имтиҳон”, “синов” деган маъноларда ҳам ишлатилган бўлиб, у ушбу маънода келган ҳадислар мавжуд.
Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка раҳна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича таъкидланган: “… Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир. …” (“Бақара” сураси, 191-оят); “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир.” (“Бақара” сураси, 217-оят). Мусулмонларга фитна тарқалганда барчани қамраб олиши ҳақида огоҳлантирилиб, ундан сақланишга буюрилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).
Фитналарга аралашиб қолиш нафақат бузғунчиларнинг даъвати билан тинч жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, балки ихтилоф ва низоларга сабаб бўладиган маълумотларни тарқатиш орқали ҳам амалга ошади. Қуръони каримда бундай ишлар қатъиян ман этилган: “Эй мўминлар! Агар бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга мусибат етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (“Ҳужурот” сураси, 6-оят). Ҳадиси шарифда эса Муҳаммад (с.а.в.)дан қуйидаги кўрсатма мавжуд: Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: “Кишининг ёлғончи бўлишига эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади” (Имом Муслим, 5-ҳадис). Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Сурия, Ироқ каби мамлакатларда бузғунчи кучлар амалга ошираётган фитналарга аралашиб қолаётган шахслар мазкур муқаддас кўрсатмаларга амал қилмаётганлари сабабли ўзлари ва яқинларини ҳалокатга ташламоқда.
Шу нуқтаи назардан, фуқароларга ҳушёр ва огоҳ яшаш, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олиш, ғанимлар фитнасига учмаслик, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари зарар етказмаслик, юрт тичнлиги ва ёш авлод саодати учун жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш зарур экани, бу муҳим ишга барчамиз баробар масъул эканимизни тушунтириш барча маърифатпарвар зиёлиларнинг, шу жумладан, уламоларимизнинг долзарб вазифалари ҳисобланади.
А.Шердонаев. 
Менгали ҳожи масжиди имом-хатиби