Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз.
Ш.МИРЗИЁЕВ.
Жамиятда адолат тарозисини тенг тақсимлаш учун коррупция, деб аталмиш иллатдан ҳоли бўлиш талаб этилади. Кейинги пайтларда бу иллатга қарши аёвсиз кураш бошланган бўлсада, аммо кўп соҳаларда амалдорларнинг хизмат ваколатини таъмагирлик орқали суистеъмол қилаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ана шундай иллат ботқоғига ботган кишиларнинг қилмиши гуноҳ ва жиноят бўлиб, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам жавобсиз қолмайди. Айримлар буни билсалар-да билмаганга олиб, ўз манфаатлари йўлида ўзгалар ҳаққини ейишдан тап тортмаётганликлари ана шундай коррупцион ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлаётир.
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Ихёу улумиддин" (Дунёни англаш китоби)нинг "Хирс ва тамани ёмон кўриш, қаноатли бўлиш”, бобида келтирилади.
Фақирлик яхшилик хислатлардан биридир. Лекин фақир киши одамлардаги нарсага таъма қилмай, қаноатли бўлиши ва мол топишга қаттиқ қизиқмаслиги керак. У бу хислатга фақат таом, кийим ва маскандан ҳожатига етадиган қадарига рози бўлиш ва ундан энг кам ва паст даражасига сабр қилиш, бир кун ёки бир ойга етадиган молдан бошқасини ўйламаслик орқали эришади. Агар ундан кўпроғи ҳақида ўйлаб, орзу ҳавс кўпайса, нотўғри йўлни тутиб таъма ва хирс хорлигига йўлиқади.
Абу Воқид Лайсий шундай дейди: “Расулуллоҳга ваҳий тушган вақтда бизга ундан бир нимани ўргатадилар, деб олдиларига борардик. Бир куни борганимизда шундай дедилар: “Аллоҳ таоло деди: “Биз молни намоз ва закотни адо этиш учун бердик, агар одам боласида бир водий олтин бўлса, икки водий бўлишини хоҳлайди. Агар икки водий олтин бўлса уч водий бўлишини хоҳлайди. Одам боласини қорнини тупрокдан бошқа нарса туйдирмайди, Аллоҳ тавба қилувчидан тавбасини қабул қилади”.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Тўймайдиган икки очкўзлик бор: илм ва мол очкўзлиги”, дедилар, яна у зот "Одам боласи қариса ҳам ундан икки хислат қаримайди "орзу ҳавас ва молни яхши кўриш" дедилар.
Куръони каримда Аллоҳ таоло "Албатта биз (бандаларимизга) қайсилари чиройлироқ амалларини қилишлари учун ер устида бор нарсани унга зийнат ва безак қилиб қўйдик (яъни безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишиларгина бизнинг синовимиздан ўтурлар) ҳеч шак шубҳасиз уни (ернинг) устидаги (безаклар)ни сип-силлиқ, қуп-қуруқ қилиб, (йўқ қилиб) қўйгувчи ҳам биздирмиз.
Бир киши: Абу Ҳозимга "Ҳовли - жойим деб билмасам ҳам, дунёни яхши кўришдан сенга шикоят киламан" деди, у Аллоҳ азза ва жалла сенга ато этганига қараб ундан фақат ҳалолдан олиб ҳалолга сарфла, шунда дунёни яхши кўришинг зарар килмайди, деди.
Бундан маълум бўладики таъмагирлик ёки бошқа ҳаром йўллар билан мол дунё орттириш икки дунёда ҳам жазоланишга сабаб бўлади. Шундай экан, ҳаромдан ҳазар қилишга, ҳалол ризқ топишга одатланишимиз зарур. Бу эса икки дунёмизни обод қилади.
Г.АБДУНАЗАРОВ,
Касби туманидаги “Зарипов Мўмин ҳожи” жоме масжиди ноиб имоми