Маълумки, мутаасиблик диний аҳкомларни нотўғри тушуниш, унга ҳаддан ошиш, Ислом аҳкомларига эьтиқод қилишда мутаассиблик(қаттиқ) йўлини тутишдир. Ислом дини мутаассибликни қоралайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта дин енгилдир. Ким динга қаттиқлик қилса, албатта (дин) уни енгади. Бас тўғри бўлинглар ва яқин бўлинглар” (Имом Бухорий ривояти) деб марҳамат қилганлар.
Эндигина ислом арконларини бажаришга киришган кишига шундай қилиб эьтиқод қилишинг керак деб қаттиқлик лозим кўрсатилса, у Исломга эьтиқод қилишлик оғир экан, ёхуд қувватим етмас экан деб ўйлайди. Оқибатда диндан юз ўгиради ёки ислом машаққат ва қийинчиликдан иборат деб қарор қилади.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:
“Мутанаттиьлар (динда қаттиқлик қилувчилар) халок бўлди. Мутанаттиьлар халок бўлди. Мутанаттиьлар халок бўлди” (Имом Муслим ривояти) деб марҳамат қилганлар.
Қаттиқлик қилишнинг оқибати мана шундай ҳалокат эканлигини баён қилганлар.Амалларда қаттиқ бўлиш мусулмон инсонни мутаассиб бўлишига олиб келади. Мутаассиблик аслида динни нотўғри тушунишликдан келиб чиқадиган холатдир. Динимизда бундай қаттиқлик қилишдан, мутаассиб бўлишдан қайтарилган. Пайғамбаримиз Муоз розияллоҳу анҳуни ёнларига шерик қўшиб Яманган жўнатаётиб:
“Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг” (Имом Муслим ривояти) деб буюрганлар.
Яна бошқа бир ўринда намозхонлар Муоз розияллоҳу анҳуни намозларни узун қилиб ўқиб бераётганларидан шикоят қилиб, Пайғамбаримизнинг олдиларига келганларида “Фитначимисан эй Муоз!” деб танбеҳ берганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Асабийятга (яьни таассубликка) чақирганлар биздан эмас” (Имом Муслим ривояти) деб мутаасибликнниг оқибати нақадар ёмон эканлигини таькидлаганлар.
Аммо мутаассиблик ҳолати-инсоннинг ўз динидаги вожиботларни адо этиши, уларни маҳкам тутиши, қиладиган амалларида енгилликни лозим тутиши, исломга эьтиқод қилувчиларни сафини кўпайтириш учун инсонларни тўғри йўлда собит бўлиши учун исломни чиройли намуна холатида кўрсатиб бериши ва унга интилиши маьносида бўлиб, турли алдов ва қўрқитувлар бўлсада сусткашликка йўл қўймайдиган бўлса, бу мақтовга сазовор ишдир.
Ф. Аминов,
Муборак тумани бош имом хатиби