Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин-мусулмонни беҳаё кийимлар кийишдан қайтариб, уларга авратларини беркитадиган либослар кийишга буюради.
Аллоҳ таоло Қуръони карим” да: “Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидандир” (Аъроф сураси, 26-оят) дейди. Ушбу оятнинг тафсирида: “Яъни, душман сизларни жаннат либосидан маҳрум қилди. Энди сизларга дунёда қандай либосда бўлишгингизни ўргатаяпмиз. Қандай либос кийманглар, ҳамиша тақвода бўлинглар, Аллоҳдан қўрқинглар. Оят мазмунидан англашиладики, ким Аллоҳ амриларидан чекиниб, қайтариқларини инкор этиб шайтон ва нафс алдовига учса, кийимсиз, қип-ялонғоч одам ҳолатига тушади. Бундайлар ҳеч нарсадан уялмайдиган, орланмайдиган бўлиб қолади. Уят, инсоф, ор йўқолса, одам инсонликдан чиқади, илоҳий раҳмат ва мағфиратдан бенасиб қолади, унинг бошқа махлуқлардан фарқи бўлмайди”дейилади.
Дарҳақиқат, либосланиш инсон учун зийнатдир. Либосланиш, кийим кийиш инсон учун алоҳида эътибор қилинадиган ишдир. Инсон аввало, авратларини беркитиб, табиий шароитни ҳисобга олган ҳолда, тоза-озода кийимларни кияди. Инсон либослар билан авратларини беркитади, иффат-ҳаёсини ҳимоя қилади ва у жамият одобларига зид бўлган либосларни кийинишдан ўзини сақлайди.
Аллоҳ таоло барчамизни тоза-озода, шариатимизга мос ҳолда кийимлар кийиб зийнатланишга муваффақ қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими