БУГУН МУҲАРРАМ ОЙИ БОШЛАНДИ
7339
30-07-2022, 11:34
386
Ўқиш режими
+
-
Маълумки, 2022 йилнинг 30 июль куни қамарий йил ҳисобига кўра Муҳаррам ойи кирди. Муҳаррам ойи йил боши ой бўлиб, у кириши билан қамарий йил ҳисобининг 1444 йили бошланди.
Муҳаррам нима маънони беради?
Муҳаррам сўзи арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилидаги ман қилувчи, тақиқловчи деган сўзлар маъноларига тўғри келади. Қадимда айрим ойларда уруш, жанжаллар тақиқланган бўлган. Қамарий йил ҳисобининг биринчи ойи ҳам уруш, жанжаллар тақиқланган ой ҳисобланади. Шу жиҳатдан бу ойга уруш, жанжалларни тақиқловчи, яъни Муҳаррам деб ном беришган. Муҳаррам ойида нафл ( ихтиёрий) рўза тутиш рамазон ойи рўзасидан кейинги энг афзал рўза ҳисобланади. Бир киши келиб пайғамбар (с.а.в.)дан: “ Рамазон ойидан кейин қайси ойда рўза тутсам бўлади?” деб сўради. Шунда пайғамбар (с.а.в.): “ Агар Рамазон ойидан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида рўза тут. Чунки, у Аллоҳнинг ойидир. Унда Аллоҳ таоло бир қавмнинг тавбасини қабул қилган ва бошқа қавмларнинг тавбасини қабул қилади”, дедилар. ( Термизий ривояти) .
Халқимиз орасида Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни рўза тутиш одати бор. Халқимиз бу Муҳаррам ойини Ашур ойи ҳам деб атайди. Шу сабабли бу ойда туғилган кишиларни Муҳаррам ёки Ашур деб аташ одати бор. Ашур сўзи ўзбек тилида ўнинчи деган маънони англатади. Муҳаррам ойининг ўнинчи кунини ашуро куни дейилади. Ашур ойининг тўққинчи кунидан ўнинчи кунига ўтар кечасини ашуро кечаси дейилади. Бу кеча муборак кечалардан биридир. Ашур куни ва кечаси яхши дуолар қабул бўладиган вақтлар ҳисобланади. Шу кунларда бева – бечора, етим-есирларга силаи раҳм қилиш катта савоб ишлардандир. Зеро, пайғамбаримиз с.а.в. : “ Кимки ашуро кунида битта етимнинг бошини силаса, унинг ҳар бир соч толаси баробарида даражаси кўтарилади “ , деб марҳамат қилганлар. ( Ибн Аббосдан ривояти). Ва мана шу ашур ойида бир киши ўз аҳли аёлига рўзғорини бутлаб берса, ёки нафақа қилса, рўзғориниинг йил давомида ризқи кенгайади. Бу тўғрида ҳам ҳадисда: “ Ким Ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса ( яъни, рўзғорини бут қилиб берса) йил давомида унинг ризқи кенг бўлади”, дейилган. ( Ибн Аббос ривояти).
Аллоҳ таоло кириб келган Муҳаррам ойини барчамиз учун баракали ойлардан қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими