Бугунги глобаллашув жараёнида эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшларимизнинг маънавий иммунитети ҳар қачонгиданда юксакроқ бўлишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Дунёнинг айрим ҳудудларида содир бўлаётган хунрезликлар масаланинг нечоғлик жиддийлигидан далолатдир.
Ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган террорчилик ҳаракатларининг Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмаган, қилмайди ҳам. Қуръони каримда шундай дейилади: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят), «Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир» (Нисо сураси, 93-оят). Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким ўз биродарига темир парчаси ила ишора қилса ҳам, фаришталар (ўшани қўймагунча) уни лаънатлаб турадилар. Агар ўша ўзининг ота-она бир ака-укаси бўлса ҳам», деганлар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти). Ислом дини ҳар қандай шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум.
Ислом динида, ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади.
Инсонларга раҳм-шафқатсиз, кунига юзлаб бегуноҳ одамларни ўлдираётган, юз минглаб тинч аҳолини ўз уйини ташлаб сарсон-саргардонликка солиб, қочоқлар сафига қўшилишга мажбур қилаётган террористик ташкилотларнинг охири вой бўлиб, фаолиятига чек қўйилиши муқаррар.
Шундай экан, ким бўлишимиз ва қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмнинг қабиҳ ва ғаразли мақсадини халқимиз, айниқса ёшларимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборат.
Таниқулов Иззатилло
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси