1445 йил 10 Шаввол | 2024 йил 18 апрель, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:35
Sunrise
05:56
Dhuhr
12:36
Asr
17:20
Maghrib
19:17
Isha
20:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ражаб ойи –барака ойи

25-02-2020, 15:18 4 331 Ўқиш режими + -


 

Ражаб ойи –барака ойи

        

Мамлакатимизда барча расмий ҳужжатлар, тарихий воқеа-ҳодисаларни белгилаш ишлари ҳозирги кунда милодий йил ҳисобида олиб борилади. Шундай бўлсада, халқимиз ўзининг   диний маросимларини белгилашда ҳижрий-қамарий  йил ҳисобларидан ҳам фойдаланади. 

        Ҳозирги милодий 2020 йил 25 феврал куни ҳижрий-қамарий йил ҳисобига кўра, 1441 йил Ражаб ойининг биринчи кунига тўғри келди. Ражаб ойи ўттиз кундан иборат бўлиб, у  25 мартгача давом этади. Ражаб ойи қамарий –ҳижрий йил ҳисобининг 7 ой ҳисобланади. Ражаб сўзи арабча сўз бўлиб, қўрқмоқ, улуғламоқ деган маъноларни англатади. Бу ҳақда “ Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “ Ражаб-арабча қўрқмоқ феълидан олинган. 1. Қамария йил ҳисобида 30 кундан иборат еттинчи ойнинг арабча номи. 2. Ражаб (эркаклар исми)” дейилади. 

         Халқимизнинг қамарий йил ҳисобида тўртта улуғ ой бўлиб, шулардан бири Ражаб ойидир. Ражаб ойи шаҳрул-ҳарам яъни Аллоҳ таоло инсонлар орасида уруш-низо, жанжалларни ҳаром қилган ойдир. 

Ражаб ойи шаҳрул-ҳаром ойларининг биридир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ …

яъни, “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда ўзингизга зулм қилмангиз!” (Тавба сураси, 36-оят).

Эътибор қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло “Бас, ўша (ой)ларда ўзингизга зулм қилмангиз!” деяпти. Яъни, бу ойларда гуноҳ ва масъият ишларини қилиб ўзингизга зулм қилманг. Аслида, бошқа ойларда ҳам гуноҳлардан тийилишимиз лозим. Лекин айнан бу ойларнинг ҳурматини поймол қилиб, қилинган гуноҳ янада каттароқ ҳисобланади. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.

Ушбу оятда зикр қилинган уруш ҳаром бўлган ҳурматли ойлар муҳаррам, зулҳижжа, зулқаъда ва ражаб ойларидир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الزَّمَانُ قَدْ اسْتَدَارَ كَهَيْئَتِهِ يَوْمَ خَلَقَ اللَّهُ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضَ السَّنَةُ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ثَلَاثَةٌ مُتَوَالِيَاتٌ ذُو الْقَعْدَةِ وَذُو الْحِجَّةِ وَالْمُحَرَّمُ وَرَجَبُ مُضَرَ الَّذِي بَيْنَ جُمَادَى وَشَعْبَانَرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

яъни, Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам“Замон (Аллоҳ таоло) осмонлару ерни яратган кунидагидек ҳолатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Шулардан тўрттаси ҳаром ойлари бўлиб, учтаси кетма-кетдир: зулҳижжа, зулқаъда, муҳаррам ва жумадо (охир) билан шаъбон ўртасидаги Музорнинг ражабидир”дедилар”. (Бухорий ривоят қилган).

Замоннинг қайтишидан мурод – жоҳилият даврида ўзгартириб юборилган ойлар ўз жойига қайтарилганидир. Музорнинг ражаби дейилишидан мурод – жоҳилиятда Музор қабиласи ражаб ойини бошқалардан кўра кўпроқ улуғлагани учундир.

                   Ражаб ойи кирганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисда айтилган дуоларини ўқишимиз лозим бўлади. 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ، قَالَ: "اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ".

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона», дер эдилар» (Байҳақий ривоят қилган).

Таржимаси: «Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин».

«Рамазон ойига етказгин», деб дуо қилиш Рамазон ойига муштоқ бўлишдир. Ушбу дуо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ санад билан собит бўлгандир. Шунинг учун ражаб ойи кирганда ушбу дуони қилиш суннат ҳисобланади. Ушбу дуонинг суннат эканини билмаганлиги учун Ражаб ойи кирганида уни ўқимаган киши ражаб ойининг қайси куни бу амал суннат эканини эшитса, ўша куни ўқиса бўлаверади.

                        Ражаб ойи муҳаррам-ҳурматли ойлардан бўлгани учун бу ойда имкон қадар хайрли амалларни кўпроқ қилишимизга тарғиб қилинган. Аслида, бу ой Рамазон ойи учун тайёргарлик ойидир. Бу ой ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ، قَالَ: «اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ». (رواه البيهقي والطيراني

яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана, ва баллиғна рамазона”, дер эдилар” (Байҳақий ва Тобароний ривояти). Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака ато қилгин ва бизларни Рамазон ойига етказгин!”.

               Биз Ражаб ойида асосан Рамазон ойи учун тайёргарлик кўриб борамиз. Рамазон ойида муваффақият қозониш учун ундан олдинги ойларни хусусан Ражаб ва Шаъбон ойларини катта тайёргарлик билан ўтказишимиз керак бўлади.

                    Баъзан Ражаб ойида рўза тутиладими, сўраб қолишади.  Ушбу саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини берган жавобларини келтирсак, айни муддао бўлади: “ Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу деди: «Саъийд ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди».  Тўртовлари ривоят қилганлар. Усмон ибн Ҳаким Саъийд ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаса керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса оғизлари сурункали очиқ ҳолда юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойида ҳам шундай бўлар эди. Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилинади:  «Албатта, у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Сўнгра эса бир йилдан кейин ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда яна келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми? » деди. «Сен кимсан? » дедилар. «Ўтган йили олдингизга келган ал-Боҳилийман», деди. «Сени нима ўзгартирди? Кўринишинг чиройли эди? » дедилар. «Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима учун ўзингни азобга солдинг? – дедилар-да, сўнгра: – Сабр (Рамазон) ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди. «Икки кун рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Уч кун рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Ҳаром (ой)ларнинг баъзисида рўза тут, сўнгра (баъзисини) тарк қил, ҳаром (ой)ларнинг баъзисида рўза тут, сўнгра (баъзисини) тарк қил, ҳаром (ой)ларнинг баъзисида рўза тут, сўнгра (баъзисини) тарк қил», деб учта бармоқларини букиб, очиб кўрсатдилар».  Абу Довуд, Аҳмад ва Насаийлар ривоят қилганлар. 

                        Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Йил бўйи рўза тутиш шариатга тўғри келмаслиги, ўзини ўзи азоблаш эканлиги. 2. Нафл рўза тутмоқчи бўлган одам Рамазондан бошқа ойларда бир, икки ёки уч кундан тутса бўлиши. 3. Агар мазкур миқдорни ҳам оз деб билса, ҳаром ойларда уч кун-уч кундан тутса, яхши бўлиши. Ушбу ҳадиснинг бу фаслда келтирилишининг сабаби Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бўлганлигидандир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг китобида осмонлар ва ерни яратган кунидаги ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри дийндир. Бас, уларда ўзингизга зулм қилманг», («Тавба» сураси, 36-оят) деган. «Ҳаром ойлар» – ҳурматли, улуғланган ойлар, уруш-жанжал, душманлик қилиш ҳаром қилинган ойлар, деганидир. Ана ўша ҳурматли тўрт ой – Муҳаррам, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойларидир. Демак, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Машҳур саҳиҳ китоблардан бошқа ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.  Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар, яхши бўлиши аниқ”. 

Ражаб ойида яхши амалларни қилиб, ёмон ишлардан қайтсак, Аллоҳ таоло розилигига эришган бўламиз. Аллоҳ таоло барчамизга Ражаб ойини баракали ой қилиб бериб, ишларимизга тавфиқ ато қилсин. 


Руҳиддин Акбаров