Мустақиллик, ҳуррият, бировларга қарам бўлмаслик Аллоҳ таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъматдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Неъматга шукр қилиш унинг заволидан омонда сақлайди”, дея марҳамат қилганлар.
Нима учун истиқлол неъмати бошқа кўп неъматларга сабаб ўлароқ эътироф этилади? Бунинг сабаби шуки, юртимизда рўй бераётган барча ижобий ўзгаришлар, жаҳолатдан маърифат сари юзланган эврилишларнинг бошланғич нуқтаси айнан мана шу мустақиллик, ҳуррият неъмати ато этилган кундир.
РеспубликамизМустақиллигининг 31 йиллигини кутиб олаётган халқимиз қалбида қувонч, келажакка бўлган ишонч барқарор. Охирги йиллар давомида бўлаётган бунёдкорлик, ички ва ташқи сиёсат борасида юртбошимизнинг амалга ошираётган ишлари ҳар бир миллатимиз вакилини келажакка бўлган ишончини янада оширмоқда.
Маълумки,инсон учун энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик, ёшлик, кексалик чоғлари ўтган, илк қадамларини қўйган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган.
Агар тафаккур қилсак Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг яратган барча махлуқларининг фитратида, яъни, асл табиатида ўз уйи, ватани муҳаббатини жойлаган. Табиатга назар солинг ҳайвонлар ҳам ўз уйларига томон талпинишади: айиқ ўз ғорига, чумоли ўз инига ва ҳоказо… Шундай экан онгли мавжудот бўлган инсон ҳайвонотдан кўра ўз ватанини кўпроқ севиши ва қадрлаши уни муҳофазаси учун жонини беришга тайёр туриши лозимдир.
Мустақиллик азалдан халқимизнинг орзу-умидлари, армон ва изтиробларини ўзида мужассам этади. Дарҳақиқат, инсон табиатнинг гултожи сифатида ҳамиша озодлик ва ҳурриятга интилиб яшайди. У қалбида ўзини ҳамиша ҳар жиҳатдан эркин ҳис қилишга, таҳликасиз турмуш кечиришга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳам кишилик тарихи турли даврларда ер шарининг барча минтақаларида озодлик учун курашнинг, шаклан турлича, моҳиятан ўхшаш бўлган ҳурриятга интилиш ҳодисаларини кўп кўрган.
Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади.Кишининг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – Ватан деган тушунчада мужассам. У кенг маънода бирор халқ вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади
Ватан меҳри аввало, инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда: “Ватанни севмоқ имондандир” дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб р.а: “Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”, деганлар.
Ал-Асмаий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Туя ҳатто ўз уйидан узоқда бўлса ҳам унга томон талпинади. Қуш ҳам ҳаттоки унинг уйи бузилган бўлса ҳам унга томон талпинади. Одам ҳам ҳатто бошқа жой унга кўп фойда келтириб турган бўлса ҳам ўз уйи томон талпинади.”
Улғайиб вояга етган заминга меҳрли бўлиш, унинг ҳар бир ҳовуч тупроғини муқаддас деб билиш, кўзга тўтиёдек суртиш, бир умр фарзандлик садоқати билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади. Ватанни севиш ҳисси инсонда туғма бўлса ҳам, албатта уни ривожлантириш ва тарбия қилиш лозим. Яъни, ватанга бўлган муҳаббат тарбиялангандагина Ватанпарварлик деб аталган улкан туйғуга айланади. Шу боис ота-оналар фарзандлар қалбига ватанпарварлик туйғусини жойламоқлари лозим.
Ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир. Демак, мусулмон киши ватанини севади. Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса хурсанд, хафалик етса қайғуради.
Мустақиллигимизнинг ўтаётган охирги йилларида мамлакатимизда амалга оширилган барча соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришларга диққат билан назар соладиган бўлсак, уларнинг марказида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги каби бир-биридан буюк мақсадлар турганига гувоҳ бўламиз. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган ютуқлардан энг асосийси – юртдаги тинчлик ва барқарорликдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, – деганлар. (Имом Термизий ривояти).
Инсон ўзидаги неъмат ҳақида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд, ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан унинг қадрини билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Бугун биз бу улуғ неъмат, истиқлол неъматининг шукрини адо қилишимиз, уни авайлаб-асрашимиз, биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Шундагина барчаларимиз Аллоҳ ато этган истиқлол неъматига чинакам шукр қилгувчи инсонлардан бўламиз.
Тинчлик мустаҳкам қарор топган давлатда тараққиёт барқарор, аҳоли фаровонлиги юксак бўлади.Шу боис юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мустақиллик, миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, уни асраб-авайлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини изчил ошириб бориш, жамиятда юксак маънавиятни чуқур қарор топтириш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилди.
Аллоҳ таолонинг беҳад раҳмати ва инояти билан юртимизда барқарор тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Шундай экан, тинчликни қадрлаб, осойишта ҳаётни мустаҳкамлаш барчанинг асосий бурчи эканини яхши англашимиз, ватанпарварлик туйғуси билан яшаш, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб- авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги хуқуқшуноси.
Наргиза Садатова.