Итоат қилишда ҳикмат кўп. Итоатсизлик эса инсонни адаштиради. Ислом дини одамларни итоатсизликдан қайтариб, итоат қилишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:“Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинглар!”(Нисо сураси,59-оят).Ушбу оянинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да“Ушбу оятда одамларга ўзларидан сайланган ва ҳақ йўлда бўлган раҳбарларга итоатда бўлиш амр қилинмоқда. Агар одамлар ва раҳбарлар ўртасида келишмовчилик чиқиб қолса, Аллоҳнинг Китобига ва Пайғамбар (с.а.в.) суннатларига мурожаат этилади. Агар раҳбарнинг ҳукмлари ҳақиқатдан китоб ва суннатга мувофиқ келса, унга бўйсунилади ва тортишув бас қилинади” дейилади.
Имом Таҳовийнинг ақида китобида шундай ёзилган:
“Подшоларимиз ва раҳбарларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам этмаймиз. Итоатидан бош тормаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни, фарз деб биламиз. Гуноҳ ишларга буюрсаларгина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига яхши дуолар қилиб турамиз”.
Мусулмонларнинг раҳбарларига қарши чиқиш боғийликдир. Агар боғийлар ҳақ устидаги раҳбарга қарши чиққан пайтларида ўлдирилса, уларга жаноза ўқимаслик ҳақида фуқаҳолар фатво беришган.
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва ўзимиздан бўлмиш бошлиқларга итоат қилишимиз муваффақиятимизнинг гаровидир. Аллоҳ таоло барчамизнинг Ўзининг тоат-ибодатида бардавом бўлишимизни муваффақ қилсин!.
Р,Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими