1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҲИМ ВАЗИФА

25-08-2022, 15:53 380 Ўқиш режими + -
Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. 
Қайд этиш лозимки, 2016 йилдан бошлаб мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида динийлик ва дунёвийлик борасидаги ислоҳот ва ўзгаришлар яққол намоён бўлди. Умумий жиҳатдан мазкур ислоҳотларни мамлакатнинг ташқи алоқалари ва ички ҳаёти билан боғлиқ икки турдаги янгиланишлар сифатида таснифлаш мумкин. Янги Ўзбекистоннинг дин борасидаги ташқи сиёсий ўзгариш ва ислоҳотлари қуйидаги ҳодисаларда акс этади:
Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, деб таъкидлади. Шунингдек, у мазкур сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.
2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Таъкидлаш лозимки, виждон эркинлигини таъминлаш борасидаги туб ислоҳотлар ва янгиланишлар жамиятда эркин фикр-мулоҳазалар ривожига ҳам сезиларли даражада таъсир ўтказди. Фикр, сўз ва эътиқод эркинлигини янада либераллашуви натижасида дунёвийлик ва динийлик мутаносиблиги борасидаги айрим изоҳ талаб мавзуларга аниқлик киритишни тақозо қилди. Шу нуқтаи назардан, 2021 йил 5 июлда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, баҳсли масалаларга аниқ ҳуқуқий жавоб берилди.
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини Ўзбекистон мусулмонлари идораси доимо қўллаб-қувватлайди ва диний идора тизимида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари ҳам ўзларининг меҳнат фаолиятларида ўрнатилган қонун-қоидаларга мувофиқ иш олиб бормоқдалар. 
Тараққиётимизнинг янги даврида миллий ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш борасида жуда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 
Муҳтарам Президентимиз: “Биз қанчалик мукаммал қонунларни яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онгги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади”, деб ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида жуда долзарб фиркни илгари сурган эдилар.
Айтиш керакки, диний ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳозирги даврнинг муҳим талаби бўлмоқда. Ушбу зарурат юзасидан диний ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар ва ушбу соҳа билан боғлиқ бўлган мутахассисларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Соҳа ходимлари мунтазам Ўзбекистон Республикаси кодекслари, қонунлари, қарорлари, фармонлари ва фармойишлари билан бирга диний-маърифий соҳани тартибга солишга оид низомлар, йўриқномалар, намуналар, кўчирмалар ва бошқа зарур меъёрий ҳужжатлар ва шарҳлар билан тизимли таништириб келинмоқда.
Буюк мутакаллим аллома, ватандошимиз Абу Муин Насафий ҳазратлари эзгулик ва ёвузликдан бирини танлаш инсон ҳаётининг асосини ташкил этишига эътибор қаратар экан, бахтли ёки бахтсизлиги айни шу сабаб билан боғлиқлигини уқтиради ҳамда тўғри танловнинг бир кўриниши жамиятда мавжуд қонунларга итоат қилишда эканини айтади.
Абу Наср Форобий: “Қонунсиз жамиятда тартиб ўрнатиб бўлмайди”, деб ҳисоблайди. Мутафаккирнинг фикрича, жамиятда қонун устувор бўлиб, инсон ҳуқуқлари кафолатланмаса, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш тартибга солинмайди. Чунки ҳар ким ўз шахсий манфаатини кўзлаб бошқаларга зарар етказади, ўзаро кураш, бузғунчилик ва зўравонлик каби иллатлар авж олади.
Дарҳақиқат, қонунларга итоат этиш ва риоя қилиш – тотувлик ҳамда тинчликнинг асосидир. Барча жабҳада қонун устувор бўлган жамият – комил жамиятдир. Интизом, тартиб, ўзаро ҳурмат бўлган жамият ривожланиш йўлини тез топиб олади ва ушбу йўлда собитқадамлик билан илгарилайди.
Хулоса қилиб айтганда, соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси, қонунларга бўлган ҳурмати, ҳуқуқий нормаларни ижро этиш салоҳияти, ҳаётга татбиқ эта олиш кўникмаси, қонунларга итоаткорлик ҳолати, ҳуқуқий фаоллиги юқори даражада  деб ишонч билдирамиз.
 
 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги 
хуқуқшуноси 
Наргиза Садатова