1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМДА СИЛАИ РАҲМ РИШТАЛАРИ

26-08-2022, 09:06 218 Ўқиш режими + -
Маълумки, инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғчилик ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан бири ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади, у орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Исломдан олдин ўтган қавм ва элатлар қариндошлик риштасини дўстлик, раҳм-шафқат алоқаларини мустаҳкамлашдаги ўзаро манфаатларни амалга оширишда асосий омил сифатида кўришган. Аллоҳ таолонинг ояти каримаси ҳам шу нарсага ишора қилади: яъни: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”.
Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.
Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини аҳамият жиҳатидан Ўзига ибодат қилишдан кейин зикр этган ота-онага яхшилик қилиш ҳолатига яқин қилиб айтди: яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.
Ҳақ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолади: яъни: “Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “ал-Мийсоқ”ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (сав) марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.
Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умрига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (сав) башорат бериб бундай деганлар: яъни: “Кимни ризқи-рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағрлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки унинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади:  яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир”.
Бирон-бир киши “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни ўзиб қўймасин. Пайғамбаримиз (сав) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга амр қилмаганлар, балки уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”.
  Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қовму-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримизнинг муборак шафоатларига лойиқ бўлишимиз борасидаги саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин! Бир-биримизга қанчалик ўзаро яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалик яқин бўлади. Зеро, У марҳамат қилиб айтади: яъни: “...Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмни мустаҳкам бўлишини насибу рўзи қилсин. Ўзини розилигига олиб борадиган амалларда барчаларимизни бардавом айласин.
 
Оқ сув савоб масжиди имом-хатиби                     Н.Бухоров
 
о