1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

УЙЛАНИШ ВА НИКОҲ ОДОБЛАРИ

26-08-2022, 09:13 2 333 Ўқиш режими + -
Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Ўз табиатига кўра, уларнинг ҳар бири иккинчисига турли жиҳатдан эҳтиёжли қилиб қўйилган. Қуръони каримда бундай дейилади:
яъни: “Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”.
Энг муҳими, ана шу барча жуфтликлар ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир. Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудодларнинг энг олийси бўлмиш одамзот жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмушда, феъл-атворда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган, айни пайтда бир-бирисиз ҳаёт кечиролмайдиган қилиб яратган.
Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, насл давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъатига ва ҳикматига далолатдир.
Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатлари билан гувоҳлар ҳузурида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир.
Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида бандаларига қарата шундай хитоб қилади:
яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.
Пайғамбар (а.с.) ҳам умматни никоҳ асосида турмуш қуришга чақирганлар. Бу мавзуда кўплаб ҳадис шарифлар ҳам ривоят қилинган. Бир ҳадисда: “Эй йигитлар! Сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”, - дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса: “Тўртта яхши иш борки, булар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланиш”, - деб марҳамат қилинади (Имом Термизий ривояти).
Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар (а.с.) ахлоқлари, ислом одоби билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради.
Демак никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар (а.с.)нинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, “қўли калталиги”ни рўкач қилиб, буни пайсалга солмаслиги лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.
“Никоҳ” сўзи луғатда “қўшиш”, “яқинлик”, “боғланиш” маъноларини англатади. Никоҳдан асосий мақсад – зурриёт қолдириш ва ҳаромдан сақланиш, асосий шартлардан бири келинга куёв томонидан маълум бир ҳадя – маҳр берилишидир. Никоҳсиз қўшилиш зино ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Исломда никоҳ икки томоннинг ихтиёри биландир. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда ҳар иккаласидан алоҳида розиликларини сўраш ва жавобни гувоҳлар ҳам эшитишлари никоҳнинг шартларидандир.
Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.
Мазҳабимиздаги мўътабар манбалардан бири бўлган “Дуррул-Мухтор” китобининг “Никоҳ фасли”да зикр этилганидек: “Одамзотга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатманд бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларининг ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
Никоҳнинг учта асосий шарти бор: 1. “Ийжоб ва қабул”, яъни бирининг оғзаки таклифи ва иккинчи томоннинг бу таклифни қабул қилиши. Ийжоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак. 2. Никоҳ чоғида камида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши, гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳисобга ўтмайди. 3. Маҳр белгиланиши, яъни эр томонидан хотинга бериладиган совғанинг миқдори ёки нималиги аниқлаб олиниши керак.
Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёв тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Бу нарса айримлар ўйлаганидай “кераксиз машмаша” ҳам эмас ёки пул бериб маълумотнома олувчилар фикрлаганидек уддабуролик ечими ҳам эмас. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта ҳаражатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг давосиз, бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки куёвингиз гиёванд чиқиб қолса, қизингиз бахтига зомин бўлиб қолганингиздан дунё кўзингизга тор бўлиб кетади. Олган келинингиз руҳий хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.
Никоҳдан сўнг қурби етганича, исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда халққа дастурхон ёзиб меҳмон қилиш ва икки ёшнинг никоҳини эълон қилиш Пайғамбаримиз кўрсатмаларидандир.
Анас (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келтирилади:
яъни: “Набий (с.а.в.) Абдураҳмон ибн Авф (рз.)да сариқлик аломатини кўриб: “Бу нима?”, - дедилар. У: “Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллони маҳр қилиб бериб, бир аёлга уйландим”, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам валима (зиёфат) қилиб бер”, - дедилар.
Ушбу ҳадисга биноан уйланган киши бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат бериши мустаҳабдир.
Никоҳда ҳозир бўлганлар, зиёфатга келганлар келин-куёвга Аллоҳ таолодан хайру барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб дуо қилишлари, уларни тўй билан табриклашлари Пайғамбаримиз (с.а.в.) қолдирган суннат амаллардандир.
Биз мусулмонлар ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз (с.а.в.)га эргашмоғимиз лозим. Айниқса, жамиятнинг бошланғич хужайраси ҳисобланмиш оилани барпо этишда эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Оилавий ҳаёт ҳавас қилса арзигулик бўлиши лозим. Бу эса, ўртамизда сақланиб қолган ислом одоб-ахлоқи ва меҳр-оқибатининг давом этишига сабаб бўлади.
Урф-одатларимизга кўра катталар, хусусан ота-оналарнинг ёш келин куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ҳаётий тажрибаларни сўзлашлари одат тусига кирган. Машҳур саҳобий Анас ибн Молик (рз.)дан нақл қилинган ривоятда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг саҳобалари эрининг ҳурматини ва хизматини қилишни янги келинларга буюрар эдилар, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор эрингни терговчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.
Ҳозирда биз ҳам шу каби панд-насиҳатларни қилишимиз, айниқса, ёш келин-куёвларимизга ҳалол-ҳаромни, эр-хотинлик вазифаларини хусусан никоҳни бузилишига сабаб бўладиган масалаларни мукаммал тушунтирмоғимиз лозимдир. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади. 
  Энг аввало, аёлларга чиройли муомала қилиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзликда камчиликларини айтиш, буни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада биз билмаган, ақлимизга келмаган Аллоҳ таолонинг ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас бир неча яхшилик борлиги маълум. Аёлларнинг оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни дунёга келтириши шундай яхшиликлар сирасига киради. Бу ҳақда ҳадис шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Мўмин одам мўминага ғазабланмасин! Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бежизга ҳадисда: “Агар бирон нохушлик қилса, унинг замирида кўп яхшиликлар бўлиши мумкин”, - деб айтилмаган.
Арзимас айб топиб, фарзандларингиз онаси, кечалари ухламай бола катта қилган, саҳар туриб уйингизни супурган, кийимингизни тозалаб, сизга ширин-ширин таомлар тайёрлаб берган заифа аёлга кучингиз етдими? Албатта, аёл кишининг айби бўлиши мумкин. Хатолар такрорланмаслиги учун унга яраша шароит яратиб бериш эркак кишининг вазифаси эканини унутмаслик лозим.
Аллоҳ таоло никоҳларимизни мустаҳкам, оилаларимизни тинч-тотув қилсин. Ўзининг амрига ва Пайғамбарининг суннатига мувофиқ ҳаёт кечириб, шаръий ва исломий одоб-ахлоқларга риоя этмоғимизни насиб айласин! Омин.
 
 
Миёна масжиди имом-хатиби                                                    Т.Маҳмараимов