Ислом поклик динидир
7452
26-08-2022, 09:17
265
Ўқиш режими
+
-
Албатта, ислом дини поклик ва озодалик динидир. У тозаликни имоннинг узвий бўлаги деб ҳисоблайди. Инсонни ҳар нарсада, аввало руҳий-маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради. Ибодатларнинг қабул бўлиши, уларнинг поклик асосида адо этишга боғлиқ. Бу поклик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартаба берилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда пок бандаларини яхши кўришлигини бир неча ўринларда зикр қилиб ўтган. Жумладан: яъни: “Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар”.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло поклик ва пок кишиларни мақтамоқда. Пок кишиларни яхши кўришини зикр қилмоқда, бу эса, Аллоҳ таоло наздида поклик қанчалик эътиборли эканини кўрсатиб турибди.
Ислом дини ҳар нарсадан аввало инсонни руҳий-маънавий, ҳам жисмоний покликка чақиради. Ибодатларнинг қабул бўлиши уларнинг поклик асосида адо этишга боғлиқ. Бу поклик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар ва олий мартаба берилади.
Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар: яъни: “Имкониятингиз борича пок ва покиза бўлингиз. Зеро, Аллоҳ таоло ислом динини покизалик узра бино қилгандир. Жаннатга ҳам фақат пок кишилар киргайлар!”, - деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса: яъни: “Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз соҳиби билан жаннатда биргадир”, - деганлар.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон танасининг подшоҳи, қолган аъзолар унга эргашувчидир.
Имом Ғаззолий (рҳ.) шундай деганлар: “Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки, ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!”.
Яшаш жойи, уй ва хонадонларнинг озодалигини сақлаш билан бирга тана аъзоларини, яъни баданни пок тутиш, тез-тез сув билан ювиниб туриш, хушбўй, муаттар бўй таратувчи атторлик воситаларидан тана ва кийимга сепиб юриш, жамоатчилик ва масжид каби жойларда бўлганда биров ирганмайдиган ҳолатда юриш ҳар бир мўмин-мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан саналади. Бу каби қоидаларга аввало ўзимиз, сўнгра авлоду зурриётларимиз ҳам риоя қилган ҳолда маданий ҳаёт кечиришга ҳаракат қилишимиз даркор бўлади.
Мусулмон киши ўзи яшаб турган гўшасини ҳам озода сақлаши лозим. Дарҳақиқат, озодалик, покликка риоя қилиш мусулмончиликнинг белгисидир. Ислом дининг покликнинг устига қурилганлигини мазмуни шу қадар кенг маънони ўз ичига олганки, бу мўмин кишининг нафақат ибодати, балки юриш-туриши, кийиниши, ейиш-ичиши одобида ҳам дастурул амал бўлмоғи лозим демакдир.
Шу қоидаларга амал қилиб ўзимизни ва атроф-муҳитимизни моддий ва маънавий поклай олсак, ҳаётимиз баракали, икки дунёимиз саодатли бўлади, иншоаллоҳ!
Аллоҳ таоло барчаларимизни қалбимиз ва зоҳиримизни пок қилиб юрувчи бандаларидан қилсин! Омин.
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби Х.Хонимов