1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ХАТОСИ

31-08-2022, 12:05 288 Ўқиш режими + -
Охирги пайтларда ҳар хил оқимларнинг муқаддас ислом номидан ўзларини жозибадор исмлар билан номлаб олиб, гўёки тўғри йўлни даъво қилиб, ғараз мақсадлари йўлида ушбу ниқобдан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ана шундай оқимлардан бири “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб оқим – “Сохта салафийлар”дир. 
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, Бани Исроил етмиш икки миллат (гуруҳ)га бўлинди, умматим эса етмиш уч миллатга бўлинади. Фақатгина бир миллатдан ташқари уларнинг барчаси дўзахдадир”, дедилар. (Саҳобалар): “(Нажот топган) у (миллат) кимлардир, ё Расулаллоҳ?” деб сўрадилар. (Бунга жавобан) Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва асҳобларим унинг узра бўлган (миллатдир), дедилар”  (Имом Термизий ривояти).
Аслида “салаф” дегани араб тилидан таржима қилинганда “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” деган маънони англатади. Ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳамда ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Шунга кўра, ислом уламолари саҳобий, тобеъийн ва табъа тобеъийнларни “салафи солиҳлар”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашган. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмаслигига якдил бўлишган.
Салафийлар билиб-билмай Ислом умматлари ўртасида турли тафриқаларни келтириб чиқармоқда. Ушбу фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган баъзи ёшларнинг бундай хато йўлдан қайтиши жуда қийин кечмоқда. 
Ушбу оқим тарафдорлари исломга турли бидъатлар кириб қолганини айтиб, мусулмонлар ва улар яшаётган жамиятларни, Қуръон ва суннат таълимотига асосланган йўлга солиш зарур, деган ғояларни илгари суришмоқда.
Барчага маълумки, уларнинг раҳнамолари ўзларининг бузуқ таълимотлари ила қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади деган эътиқодда Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини ҳам оёқости қилишган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақбараларини ҳам вайрон қилишга уриниб кўришган. 
Тавба дейсан киши. Улар наҳотки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти) деган ҳадисларини билмасалар? Биладилар, бироқ амал қилишда сусткашликка йўл қўядилар. 
Ушбу ҳадисга кўра, қабрларни зиёрат қилиш мандуб (мустаҳаб амал)дир. Зероки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Бақеъ қабристонига бориб маййитлар ҳаққига дуо қилиб турганлар.
Шунингдек, улар Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни ўзларининг фикри билан шарҳлашга уринадилар, оят ва ҳадисларга зоҳирий маъно берадилар, уларнинг ботинига асло эътибор қаратмайдилар.
Сўзимизни буюк ватандошимиз Ҳаким Самарқандийнинг қуйидаги пурмаъно сўзлари билан якунламоқчимиз: "Қуръондаги ҳамма нарсани ҳам зоҳирига қараб шарҳлаш мумкин эмас, чунки Қуръонда кўп ўринларда оятларнинг зоҳири бошқа маънони, ботини бошқа маънони англатади. Аллоҳдан қўрқинг. Қуръонни фақат ўз раъйингиздан келиб чиқиб шарҳламанг".
 
Абдуманнонов Умаржон 
Тошкент шаҳар Учтепа тумани Саид Воққос ота жоме масжиди имом ноиби