1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ – ОҒИР ГУНОҲ

9-09-2022, 07:05 424 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло одам боласига жуда кўп неъматлар берган, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири – ҳаёт, тириклик неъматидир. Чунки бу неъмат инсон қолган неъматларни қабул қилиб олишига сабабчи бўлади. Қуръони каримнинг 200 дан ортиқ ояти карималарида араб тилидаги “халқ”, яъни “яратиш” маъносидаги ўзакдан ясалган сўзлар келади. Бу эса бизга инсон бўлиб яралиш Аллоҳ таоло томонидан берилган катта неъмат эканини билдиради. Аллоҳ таоло бандаларига ато қилган неъматлари ҳақида шундай дейди: “(Эй, инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва аниқ китоб (ҳужжат)га эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида (Пайғамбар билан) мунозара қилурлар” (Луқмон сураси, 20-оят).
Шуниси ҳам аниқки, инсон ҳаёти доим бир хил неъматлар ичида кечмайди – гоҳида енгил, гоҳида оғир, баъзида хурсандчилик, баъзида мусибат. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад сураси, 4-оят).
Машҳур бобомиз Алишер Навоий ўз ҳикматларида: “Саксон йил яшаш учун саксон йиллик сабр керак”, – деганлар. Демак, инсон бало ва мусибатларга қарши сабрни қалқон қилиб олиши керак. Чунки динимизнинг таълимоти бўйича дунёда юз берадиган барча ишлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади. Мўмин-мусулмон киши ҳаёт қийинчиликларини дунёнинг синови экани, ҳар бир мусибат, ҳатто тиканнинг кириши ҳам ажрсиз қолмаслигини билади. У қийинчиликларга сабр-бардошли бўлади ва савоб умид қилади. Мусибат етганда биз Аллоҳнинг бандаси ва унга қайтиб боришимизни эслашимиз даркор. 
Демак, имонли кишилар ҳаётда ҳеч қачон тушкунликка тушмаслиги керак, балки яхшиликдан умидвор бўлиб, доим ҳаракатда бўлиши лозим. Афсуски, аҳён-аҳёнда ўз жонига қасд қилган кишилар ҳақидаги сўзлар қулоғимизга чалинади. Айниқса бу каби фожеалар аёллар ичида кўп учраб туриши ачинарли ҳолатдир. 
Шуни билиш керакки, бирор қийинчиликдан қутилиш ёки кимдандир норози бўлиб ўз жонига қасд қилиш – масаланинг ечими эмас. Масалан, қарз ёки молиявий қийинчилик сабабли ўз жонига қасд қилган одам қарзидан қутилиб қолмайди. Балки янада қийинроқ бўлган охиратда қарздор одамга айланади. Қайтанга бу ҳаётда қолиб, мақсади учун курашиб, икки дунёда юзи ёруғ бўлиши – ҳақиқий бандалик мақомидир. Кимдир ўз жонига қасд қилиб гуноҳкор бўлади, орқасида ота-онаси ва яқинларини қаттиқ қайғуда қолдиради. Аслида фарзанд уларни хизматларини қилиб, рози ва хурсанд қилиши керак эди.
Ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги оқибатлари яна ҳам ёмонроқдир. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “...Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло бандасига омонат ўлароқ ато қилган жон-тирикликни фақат Ўзи хоҳлаган пайтда қайтариб олади. Жонни банданинг ўзи олишга ҳаракат қилиши – шошилиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига норозиликдир. Токи ажал вақти келгунича банда жонни тўғри йўлда асраб-авайлаб ишлатиши керак. Бу мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).
Аслини олганда динимиз ўз жонига қасд қилишга олиб борадиган йўлларни ҳам беркитган. Масалан, мусулмон киши ўзига ўлим тилаши мумкин эмас. Чунки амаллар солиҳ бўлиб, умрнинг узун бўлиши биз учун катта мукофот ҳисобланади. 
Бунинг устига ўсмирлик даврида йигит-қизларнинг қаровсиз қолиши, турли нобоп йўлларга кириши, ёмонлар билан дўст тутиниши, маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга берилиб қолиши ҳам ўз жонига қасд қилишнинг кўпайишига сабаб бўлади. Албатта, ёшлар тарбиясига уйда ота-она, ўқув муассасаларида эса устозлар масъулдир. Вақти-вақти билан интернетда ўз жонига қасд қилишни ўргатувчи видеолар, қизиқтирувчи ўйинлар тарқалиб туради. Афсуски, бекорчилик ва ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабабли баъзи ёшларимиз бу “тўр”ларга тушиб қолмоқдалар.
 Банда Аллоҳ таолонинг неъматларини тафаккур қилса, ўзиданда ёмон аҳволда бўлган минглаб одамлар борлиги ва уларнинг аксарияти шукр қилиб яшаётганини тушиниб етса, тилига беихтиёр “шукр” келади, камчиликлари учун истиғфор айтади.    Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Ўзингиздан устун кишиларга эмас, ўзингиздан паст одамларга қаранг. Мана шу (иш) Аллоҳнинг неъматларини паст санамаслигингиз учун яхшироқ бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисга амал қилган киши Аллоҳ унга жуда кўп неъматлар берганини мулоҳаза қилади. Шукрли инсон бу дунё қийинчиликларини осон енгади. Мўмин кишининг иши ажойиб, у ҳеч қачон ютқазмайди. Яхшилик келса – шукр қилади, савоб олади. Бошига синов келса – сабр қилади, яна савоб олади. 
Албатта, бу масалада диний тарбиянинг ўрни муҳим. Фарзандларга динимиз асослари, ибодатнинг маъноси, гуноҳ-савоб, ҳалол-ҳаромни оиладан ўргатиб боришимиз керак. Уларнинг олдига юксак марралар ва мақсадлар қўйиб, ўша томонга етаклашимиз, керакли ёрдамни беришимиз керак. Яна уларни турли зарарли одатлардан сақласак, бўш вақтларини билим ўрганиш, спорт билан шуғулланишга сарфласак, натижа яхши бўлади.
Хулоса шуки, мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, азобидан қўрқиши керак. Ана шунда унинг имони саломат бўлади, шайтон васвасаларидан омонда бўлади. 
 
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус 
ислом билим юрти мудири