1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Акса уриш, унга жавоб қайтариш ва эснашнинг одоблари ҳақида

14-09-2022, 13:50 311 Ўқиш режими + -
Ислом дини кишининг ҳаётида те-тез учраб, ўзида беихтиёр содир бўладиган масалаларнинг одобларини ҳам таълимини берган. Хусусан, мана шу одоблардан  бири акса уриш, унга жавоб қайтариш ёки қайтармаслик ва   эснаш ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в) барчамизга ўрнак бўлиб, таълим берганлар.
Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади,  Расулуллоҳ (с.а.в) шундай марҳамат қилдилар: “Албатта Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради. Эснашни эса ёмон кўради. Сизлардан бирингиз акса уриб, “Алҳамдулиллаҳ” деса, буни  эшитган ҳар бир мусулмон кишига “Ярҳамукаллоҳ”, яъни,  “Аллоҳ сенга раҳм қилсин”, деб айтмоғи шарт бўлади.  Аммо эснаш шайтондандир.  Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қодир бўлганича уни қайтарсин. Чунки, эснаган кишига шайтон кулади” дедилар. 
Акса уришнинг   яхши кўрилишига сабаб, у фаоллик ва яхши ҳолатдан юзага келади. Эснаш эса тўқлик ва дангасалик оқибатидан юзага келади. 
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в: “Сизлардан бирингиз акса урса “Алҳамдулиллаҳ” десин. Ёнидаги биродари ёки ҳамроҳи “Ярҳамукаллоҳ” десин. У “ярҳамукаллоҳ” деса акса урган киши унга: “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳ балакум”, яъни, “Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ қилсин”, десин  дедилар. 
Абу Мусо ал-Ашъарий р.а. дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в: “Сизлардан бирингиз акса уриб Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтаринг. Агар ҳамд айтмаса, яъни, “Алҳамдулиллаҳ”, демаса, жавоб қайтарманг дедилар. .
 Абу Саид ал-Худрий р.а.дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в: “Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қўли билан оғзини тўссин, чунки шайтон кириб кетади”, дедилар. 
Юқоридаги ушбу ҳадислар акса урган киши нима дейиши ва акса уриб ҳамд айтган кишига қандай жавоб қайтариш кераклигини, шунингдек, эснашнинг ёмонлик эканини ўргатиб турибди. Шундай экан,  барчаларимиз ҳаётимиздаги беихтиёр қиладиган амалларимизни ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам таълим берган одоб билан бажаришликка  ҳаракат қилайлик. Чунки, Расулуллоҳга итоат Аллоҳга итоат қилиш бўлади ва улкан ажру савобларга эга бўлинади.
Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававийнинг “Риёзус- солиҳийн” яъни,  “Солиҳлар гулшани” асаридан фойдаланилди.
   
Фурқат ЖУМАЕВ, 
Қарши шаҳар “Араловул” масжиди имом-хатиби