Мана бугун Ватанимизнинг қадимий ва навқирон шаҳри Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити иш бошлади. Бу саммит асосан ўзаро боғликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик мақсадида ўтказилмоқда.
Маълумки, Ислом динида ҳам яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга буюрилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир»(Моида сураси 2-оят).
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити олдидан Президентимизнинг“Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди.
Мақолада Давлатимиз раҳбари замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ ва мақбул йўл – бу самарали халқаро ҳамкорлик эканлигини таъкидлайдилар. Айниқса, бу улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти учун аҳамиятлидир. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови эса минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриши ҳисобланади. Шу сабабли Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ва яна Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига мезбонлик қилиши ва ундаги раислиги фаолияти “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти кучли бўлади”, деган шиор остида иш кўрилганининг гувоҳи бўламиз. Чунки амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсат бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.
Маълумки, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити Самарқандда ўтиши катта аҳамият касб қилади. Самарқанд шаҳри нафақат Ўрта Осиёнинг балки бутун дунё халқларининг маданият бешиги бўлган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Қадимдан у илм-фан, таълим, санъат ва маданият ўчоғи, савдо-иқтисодий алоқаларнинг муҳим кесишган нуқтаси бўлган шаҳардир. Қадимда Самарқанд шаҳрида кўплаб тарихий жараёнлар, йирик ижтимоий-сиёсий жараёнларни ўтганлигини барчамиз биламиз. Ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити ҳам ана шундай тарихий, ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик анжуманлардандир.
Хулоса қилиб айтамизки, мана шундай сиёсий, тарихий бўлган саммитни Самарқандда ўтиши ҳам бизга фахр ва ғурур туйғуларини уйғотади
Р.Норкўчқоров
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги ўринбосари,
Наво масжиди имом-хатиби