Самарқанд “Буюк Ипак йўли” чорраҳасида жойлашган 2750 йиллик тарихга эга шаҳар бўлиб, азалдан цивилизация маркази, Ғарб ва Шарқни боғловчи кўприкдир. Сўнгги йилларда шаҳар бир қатор йирик форумларга мезбонлик қилди, халқаро дипломатияда “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди. Ер юзининг сайқали, кўҳна ва бетакрор шаҳар тарихда бўлгани каби бугун ҳам муҳим ўзгаришларга юз тутган Ўзбекистоннинг айни ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга. Самарқанднинг дунёга машҳур муқаддас ва бетакрор қадамжолари, тарихий обидалари ҳар қандай туристни зиёрат қилишга чорлаши, шубҳасиз.
Шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида йирик халқаро анжуман — Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Пандемия бошланганидан бери илк бор бевосита мулоқот шаклида ўтказилаётган мазкур халқаро тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти дунёнинг энг нуфузли ва жаҳонда кечаётган жараёнларга таъсир ўтказиш салоҳиятига эга ташкилотига айланди. Бундай ишончга эришишига асосий сабаб ушбу халқаро ташкилот ўзига аъзо давлатларнинг тенг манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйганлигидир. Бугунги кунда ташкилот аъзо давлатларнинг манфаатларига тенг жавоб берадиган ишончли ва кўп томонли халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Ушбу ҳамкорлик ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтиришга кенг имкон яратди.
Ислом наздидаги ҳамкорлик инсониятга фақат саодат келтиради. Агар инсонлар шу ҳамкорликни амалга оширсалар, ўзлари орзу қилаётган тараққиёт ва бахт-саодатга эришадилар.
Таъкидлаш жоизки, инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар асосий эътиборни ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Зеро, бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир.
Аллоҳ Қуръони каримнинг Моида сураси 2 оятида: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманчилик йўлида ҳамкорлик қилманг» деган.
Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга Қуръон буюрмоқда. Яхшилик сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни, тақво эса, Аллоҳдан қўрқиш ва унга эътиқод қилишни англатади.
Бугун ШҲТ географик жиҳатдан улкан маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик ташкилотга айланди. Муболағасиз айтиш мумкинки, бугун ташкилот глобаллашув жараёнида дунёда ҳамда минтақада юзага келаётган турли муаммоларни, яъни қуролли можаролар орқали тинчликнинг бузилиши, энергияга бўлган эхтиёжнинг кундан-кунга ошиб бориши, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларни танқислигининг ортиши каби масалаларни ҳамкорлик асосида муваффақиятли ҳал этишга кенг майдон яратиб беради.
Бугун юртимиз жамоатчилигининг, қолаверса, бутун дунё давлатларининг эътибор марказида бўлиб турган мазкур анжуман юзасидан кўплаб эксперт ва сиёсатчилар, фаоллар ўз муносабатини, қарашларини баён этмоқда.
Самарқанд анжумани минтақада энг катта нуфузга эга 15 нафар давлат раҳбарлари пандемиядан сўнг илк бор бир стол атрофига тўпланиб, ечимини кутаётган глобал муаммолар билан бирга ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади. Самарқанд саммити Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тарихий солномасидан муҳим ўрин эгаллайди ва ташкилот ривожини янги босқичига олиб чиқади. Қабул қилинадиган қарорлар минтақавий даражада ҳам, глобал миқёсда ҳам мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади.
Ташкилот доирасида Афғонистонни минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга тобора кенг жалб этиш Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотдаги яна бир устувор ёндашуви ҳисобланади. Мақолада ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилгани эътиборга молик.Хусусан, Афғонистонга биргаликда ёрдам кўрсатиш, мамлакатнинг минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш маънавий бурчимиз эканлиги баён қилинган.
Маълумки, Ислом динида тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъмат сифатида қадрланади. Уламолар Қуръони каримнинг 50 дан зиёд сурасидаги оятлар мўминлик, тинчлик ва бағрикенглик мавзуларига бағишланганини эътироф этадилар. Жумладан, Қуръони каримда баён қилинадики: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.
Тинчликнинг илоҳий неъмат экани Набий алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларида қайд этилган: “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранглар. Чунки бирор кишига имондан кейин тинчлик- омонликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ” (“Сунани Термизий”, 3558-ҳадис).
Дарҳақиқат, Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Бухорий, 6412-ҳадис) деган ҳадисларини эслаган ҳолда, бугунги кунда юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт қатор мамлакатларнинг халқлари учун орзу бўлиб қолаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз.
Ушбу ҳолат дунёдаги давлатларнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъи назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар улуғ неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.
Бу масаланинг аҳамияти жуда юқори. Соддароқ айтганда, “Қўшнинг тинч сен тинч” тамойили асосида Афғонистоннинг тинчликка юз тутиши Марказий Осиё ва унинг атрофида транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни янада кучайтиришда муҳим геосиёсий қадам бўлади.
Одамларнинг бир-бирига яхшилик қилишлари инсонийлик фазилатларнинг гултожидир. Яратгувчининг энг буюк кашфиётларидан бири бўлмиш Ҳазрати инсонни яратган экан, аввало, уларни яхшилик қилишга, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга, хайрли ишларни бажаришга даъват этади. Инсон бутун ҳаёти давомида яхшиликка дуч келади. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Яхшилик макон ва замон танламайди.
ШҲТнинг Самарқанд саммити сайёрамиз тинчлиги ва хавфсизлиги, дунё мамлакатлари тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилишига ишончимиз комил. Зотан, бўлажак саммит нафақат ШҲТ учун муҳим воқеа бўлади, балки ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очиши, шубҳасиз.
М. Қораев - ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари, Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби