“Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар
давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув
яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгўлик, қалб саховати ва том маънодаги
бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети
асосини ташкил этади”. Шавкат Мирзиёев
ЎЗБЕКИСТОНДА БАҒРИКЕНГЛИК МУНОСАБАТЛАРИ
Тарихий манбааларнинг далолат беришича, ўлкамизда маданият ривожининг уч минг йилан ортиқ буюк тарихи бор. Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудудида қадим даврлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилган халқлар яшаб келган. Ўзбекистоннинг жуғрофий-сиёсий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашган, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқалар қилгани диний ва маданий ҳаётга катта таъсир кўрсатган. Ўз навбатида бу ерда яшаган туб аҳолининг маданияти ҳам уларга таъсир ўтказган ва ўзига хос турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.
Маълумки, ҳар-бир диннинг ўзига хос ақидалари мавжуд. Улар баъзан бир-бирига мутаносиб бўлса, баъзан эса бир – бирига зид ҳам келиши мумкин. Диний бағрикенглик ана шу хилма-хиллик асосида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олади, турли эътиқодларнинг ёнма-ён ва бир пайтда мавжуд бўла олиши учун хизмат қилади.
Юртимизда тинчлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлашда ислом таълимотидаги ўзга дин вакиллари билан ўзаро муроса йўлини тутиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш ва ҳамжиҳатликда яшашга чорловчи тамойиллар ҳам ўзига хос аҳамият касб этади. Марказий Осиё минтақаси, хусусан юртимиз минг йиллар давомида динлараро бағрикенглик ўлкаси сифатида эътироф этилади. Ҳақиқатдан ҳам, ўзбек халқи ўзининг бутун тарихи давомида ҳамма вақт бошқа халқ, миллат ва дин вакилларига нисбатан ўзининг ҳурматини намоён этган. Бу ўз навбатида юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига ҳисса қўшган. Хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида кўплаб самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2017 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонни имзолади. Унга кўра, Республика байналмилал маданияти маркази ва дўтлик жамиятларининг негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.
Бу эса, юртимизда яшаётган барча дин вакилларининг ўз диний эътиқодларини эмин-эркин амалга оширишлари ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилаётган эътибор десак тўғри бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, диний бағрикенглик ҳам динлараро ҳамда ҳар-бир диннинг ичидаги турли хил йўналишлар ва мазҳабларнинг эзгу ғояларини қадрлаш, бир-бирларини ҳурмат қилиш, шу билан бирга ўзаро ҳамкорлик асосида амалга ошади.
Музаффар Қосимов,“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртимаънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари