Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақлу идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига фазони тоза ва покиза сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Аллоҳ таоло юклаган бу масъулиятни инсон азалдан бажо этиб келади. Табиатни муҳофаза этиш ислом динининг асосий таълимотларидан бири ҳисобланишига ҳам шу илоҳий мажбурият сабаб бўлган.
Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билиб келганлар. Ҳозирги пайтда айниқса озодалик ва покизалик қоидаларига риоя қилиш яна ҳам зарурроқ иш бўлиб қолди.
Аллоҳ таборака ва таолонинг улуғ неъматларидан бири сувни қандай ва нима учун яратгани, ҳаётимизда унинг қадр-қиймати қандайлиги ҳақида бир лаҳза бўлсада фикр қилайлик, ўйлаб кўрайлик. Аллоҳ азза ва жалла вужудлик ва ҳаётнинг аслини сув қилиб, у билан ерни обод ва маъмур қилди. Оби ҳаёт сабаби билан сизу бизларга нозу-неъматларни, барча набототу зироатни ердан чиқариб, ундириб қўйди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар бериб айтади: яъни: “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик”.
Бошқа бир ояти каримасида эса Аллоҳ таборака ва таоло бандаларига: яъни: “У сизлар учун Ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди...”, - деб айтади.
Қуръони карим оятларида сув, унинг фойда ва самаралари ҳақида олтмишдан зиёд ўринда зикр этилган. Жумладан, қуйидаги ояти шарифада шундай дейилади:яъни: “...ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!..”.
Юқоридаги бу ояти карималардан Аллоҳ таолонинг ер юзида униб-ўсишга, ҳаёт кечиришга қобилияти бўлган инсонлар, ҳайвонлар ва наботот оламини оби ҳаёт – сувдан яратгани маълум бўлади.
Шунинг учун ҳам атроф-муҳитни ва унинг муҳим захираларини, жумладан, энг муҳим илоҳий неъматлардан бири – сувни эҳтиёт қилиш, асраб-авайлаш алоҳида долзарб аҳамият касб этади.
Табиатга оид ҳар бир нарсани асрар эканмиз, улар келажак авлодимиз ва инсониятга биздан мерос бўлиб қолади. Авлодларимиз ўтганлардан рози бўлиб, уларнинг ҳақларига хайрли дуо қилиб юрадилар.
Аллоҳ таоло барча нарсаларни бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда, ўзига хос ўлчови ва ҳисоби билан яратган, бу ҳақда Қуръони каримда далиллар
яъни: “Биз осмондан ҳисоби билан ёмғир сувларини ёғдириб, Ерга ўрнаштирдик. Биз бу сувларни кетказиб сизларни ундан маҳрум қилиб қўйишга ҳам қодирмиз”.
Бу ояти карималар орқали Ҳақ таоло бизларга Ер юзидаги барча нарсалар, шу жумладан сув ҳам ўзининг маълум ҳисоби ва ўлчови билан яратилганлигини маълум қилади. Табиатнинг мувозанати мана шу илоҳий ўлчов билангина сақланиб қолиши мумкин. Охирги ояти карима тафсирида айтилишича, мабодо, Аллоҳ таоло ер юзидаги сувларни ўзининг ҳисоби бўйича бошқариб, керакли жойларга оқизиб ва ҳожатга яраша тақсимлаб турмаганда эди, Ер юзи сув билан қўшилиб кетиши ва умум-ҳалокатли натижаларга олиб келган бўлур эди. Яъни керагидан ортиқ ёмғир ёғдириб юборса, сув тошқини пайдо бўлиб, экинлардан тортиб турар жойларгача вайрон бўлиб кетиши, агар бутунлай ёғдирмай қўйса, қурғоқчилик, сув танқислиги рўй бериши мумкин эди.
Дарҳақиқат, мана ахборот воситалари орқали дунёнинг гоҳ у, гоҳ бу қисмида сув тошқинлари, сел олиш ёки сувсизлик ҳодисаларини гувоҳи бўлиб турибмиз. Демак, ажойиб, гўзал ва шу билан бирга нозик қилиб яратиб қўйилган табиатни ўз аслича давом этиши аввало яратувчининг Ўзига боғлиқ бўлса, уни суистемол қилмасдан, мувозанатига халал етказмай, ундан оқилона фойдаланган ҳолда яшашлик бу бизнинг вазифамиздир.
Сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув, ҳаво бир мунча ифлосланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг, мўмин-мусулмонларнинг вожиби бўлмоғи лозим.
Юртимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб атроф муҳит ва аҳоли саломатлиги ҳимоясини яхшилаш, нафақат мамлакатда, балки минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш, жумладан, сув захиралари сифатини ошириш, улардан унумли ва оқилона фойдаланиш, сув ҳамкорлигига алоҳида аҳамият бериб келмоқда. Айниқса, минтақада чекланган сув захираларини асраш ва улардан кўр-кўрона фойдаланмасликнинг муаммоларини хал этишга жиддий муносабатларда бўлишга чақириб келмоқда. Чунки Аллоҳ таоло каломи шарифида бандаларига шундай хитоб қиладики: яъни: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”.
Юқоридаги ояти карима асосида бизлар, албатта, яхшилик йўлида бир тан, бир жон бўлиб, табиатимизни озодалиги, ҳаётимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги йўлида баб-бараварига харакат қилмоғимиз лозим бўлади. Агар мана шу нарсаларга амал қилган ҳолатда, Яратганнинг бизга берган ва бераётган неъматларига нисбатан ақл билан иш юритиб, ўз вақтида шукронасини бажо келтирадиган бўлсак, Ўзининг ваъдасига биноан бу неъматларини бизлар учун янада зиёда қилиб беради.
Аммо, афсуслик билан айтамизки, тежамкорлик ва исрофгарчилик тўғрисида жуда кўп гапирилишига қарамай, ҳанузгача бу борада лоқайдликлар учраб турибди. Оддий биргина мисол, ичимлик сувидан фойдаланганимизда ҳали ҳам исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Баъзи хонадонларга кирилганда ёки маҳаллада умумий фойдаланиш учун ўрнатилган крантлар ёҳуд кўча-куйда йўловчилар фойдаланиши учун чиқариб қўйилган ёинки бозорларда аҳоли фойдаланиши учун ўрнатилган крантларнинг аксарияти қишин-ёзин очиқ холда қолиб кетиши, уни тузатишга келсак, “Манга нима, кимга керак бўлса қилиб олсин!”, - деган маънодаги бепарволиклар айнан исрофгарчиликнинг ўзидир. Зеро, расмий маълумотларга кўра бугунги кунда 1 миллиарддан зиёд одам тоза сувдан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Шунинг учун мусулмон киши бундай нарсаларга бефарқ бўлмаслиги лозимдур. Чунки Парвардигорнеъматларига шукр қилмаган бандалари учун азоби қаттиқлигини ояти каримада таъкидлаб ўтган.
Muslim.uz материаллари асосида Х.Хонимов, Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби