1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАККА ФАТҲИДАН СЎНГ ҲИЖРАТ ЙЎҚ

19-09-2022, 07:12 230 Ўқиш режими + -
Давлатимиз мустақиллиги эълон қилинганидан бошлаб юртимизда барча соҳалар қатори  маънавий-маърифий, маданий ва диний соҳаларда ҳам катта эътибор қаратилди. Динга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди, виждон эркинлиги қонун асосида кафолатланди.
Мустақилликдан сўнг диний қадриятларимизни ўрганишга кенг имкониятлар очилиши билан бир қаторда, айрим ғаразли кимсалар ўзларининг ислом ниқоби остидаги бузғунчи ғояларини тарғиб қилиш, ёшларимизнинг онгини заҳарлаш каби фаолиятлари жамиятимиз тараққиёти учун таҳликали муаммо сифатида юзага келди.
 Ижтимиоий тармоқларда ҳақиқатни кўра олмайдиган ёки ҳақиқатга қасддан тош отадиган айрим жоҳиллар хорижий мамлакатларда яшаб туриб, Ўзбекистонликларга воизлик даъвосида ақл ўргатишга ҳаракат  қилиш йўлидан юрмоқда. Улар “Исломда ватан йўқ, исломда миллат йўқ”, “ҳижрат қилмоқ фарз”, “жиҳод қилмоқ шарафли бурч”, “шаҳид бўлмоқ” бугунги кундаги ўзини мусулмон санаганларни энг асосий вазифасидир, деб айюҳаннос солиб, ўз даъвосини ўтказишга ҳаракат қилмоқдалар.
Айниқса бугунги кунда содда мусулмонларни ҳижратга тарғиб қилишга уринаётган айрим “даъватчилар” борлиги, улар ўз манфаатларига эришиш учун Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг маъноларини  ўз манфаатларига мувофиқ талқин қилишгача боришлари ачинарли ҳолдир. Ана шундай ақидапарастлардан бири “Ҳижрат”га даъват қилувчилардир.
Муқаддас динимизда мусулмонлар аввал Ҳабашистонга , кейинчалик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчиликларида Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлари маълум ва машҳурдир. Мана шу ҳижратнинг кейингиси улуғ ҳодиса сифатида қамарий йил ҳисобининг бошланиш санаси этиб танланган.
Мазкур ҳижратлар, яъни мусулмонлар яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетиши эътиқодлари, жонлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлган.
Шу ўринда ҳижратнинг турлари ҳақида  тўхталсак. Ҳижрат икки турга: юртни тарк этиш ва гуноҳларни тарк этиш кабиларга бўлинади.
Абу Усмон Мужоши ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: “...Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ...”, дедилар”.(Имом Бухорий ривояти). Мазкур ҳадисни ўзидан олдин келган ҳижрат ҳақидаги ҳадисларни бекор қилувчи эканлигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Бундан маълум бўладики, юртини тарк этиш жиҳоди бекор қилинди.
Яна бир ҳадисда “Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган кишидир”, деганлар. Мана шу турдаги ҳижрат бугун ҳам мавжудлиги ҳадисдан маълум бўляпти. 
Бугунги кунда ҳижратга тарғиб қилаётганлар фуқароларимизни ўз оиласи, Ватанини тарк этишга чақириб “мусулмон фақат юртини ташлаб чиқиб кетса имонли, ҳижрат қилмаган киши эса кофир бўлади”дейиш даражасигача бормоқдалар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотдан кейин давлатни бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон Мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаганлар ва уларнинг ўз юртларида яшашларига эътироз билдирмаганлар.
Бугунги кунда террорчилик ташкилотларининг даъватчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангарилар тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки ҳижратга чиқиш фарз амал экани, “бунинг учун ҳеч кимнинг, ҳатто, ота-онасининг розилиги ёки рухсатини олиш керак эмас” деган сохта тушунчаларни диндор ёшларга сингдиришга ҳаракат қилишлари ўрта асрлардаги “Хорижийлар”нинг амалидир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот алайҳиссалом эса: “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин ”, деб жавоб бердилар”. Бундай ақидапарастларнинг гўёки ҳижрат қилмаганлар мусулмонликдан чиқиши ҳақидаги фитналарига алданиб қолиб, афсус надомат чекаётганлар талайгина. Улар ўзга юртда ўзига қўшилмаганларни “кофир” деб эълон қилиб, уйларини тортиб олиб, ўзларини ўлдириб юбормоқдалар, аёллар ва болаларга зулм қилмоқдалар. Бундай гуноҳи кабира  ишларга қўл ургандан кўра, ўз юртида тинчликда, эмин-эркинликда фарз амалларни, ибодатларни бажариб, ҳалол меҳнат билан оиласини боқиб юрганлари афзал эмасми. 
Исломда фитна даврида унга аралашмай ибодатда бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган. Жумладан, ҳадиси шарифда  “Ҳараж-фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир” дейилади. (Имом Муслим, 2948-ҳадис).
Юқоридаги далиллардан қуйидагича  хулоса қилинади:
-Мусулмонлар қайси мамлакатда, ҳатто ғайридинлар кўпчиликни ташкил этадиган юртларда ҳам эмин-эркин ибодатларини адо этишга имкон топсалар, ундай диёрдан ҳижрат қилиш фарз ёки вожиб бўлмайди;
-Мусулмонлар тинчлик ва хотиржамликда, ибдатларини тўла-тўкис бажариб турган диёрдан мусулмонлар ўзаро урушаётган, одамларнинг жони, моли ва номуси хатарда бўлган ҳудудларга боришлари ҳижрат ҳисобланмайди, балки фитнага аралашиб қолиш саналади ҳамда шаръан ман этилади;  
-Юртимиз Ислом дини кириб келгандан буён Ислом диёри бўлиб келмоқда ҳамда мамлакатимизда Ислом дини аҳкомларини мукаммал адо этиш учун барча шароитлар мавжуд;
-Ҳозирги кунда бизнинг юртдан ҳижрат қилиш фарз ҳам, вожиб ҳам эмас. Юртимиздан қуролли тўқнашувлар кетаётган ҳудудга ёки бошқа ўлкаларга чиқиб кетмаган мусулмонлар гуноҳкор ёки кофир бўлмайди;
-Мусулмонларга қарши фитналар уюштирилаётган ҳудудга бориб бегуноҳ одамларнинг жони, мулки ва номусига дахл қилганлар оғир гуноҳ содир этган ҳисобланади.

Муродов Шуҳрат
Миришкор туман бош имом-хатиби