1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲУСНИ ХУЛҚ - ИСЛОМ ДИНИНИНГ АСОСИДИР

26-02-2020, 13:52 525 Ўқиш режими + -

ҲУСНИ ХУЛҚ - ИСЛОМ ДИНИНИНГ АСОСИДИР

 

    Одоб-ахлоқ масаласи ҳаётимизда жуда муҳим ва аҳамиятли масалалардан ҳисобланади. Шунинг учун у исломда оʼта муҳим оʼрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг оʼрни катта. Аксинча, беодоблик барча нарсани, жумладан амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам ва жамиятни ҳам бузади.

Халқимизда “Одоб олтиндан қиммат” деган нақл бор. Ҳақиқатан ҳам шундай. Зеро, олтин-бойликни қоʼлга киритиш осон. Лекин одобга эришиш мушкил.

      Саʼид ибн Ос р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайгʼамбар с.а.в. шундай деганлар: “(Ҳеч бир) ота-она оʼз боласига гоʼзал одобдан афзал ато бера олмайди”.

   Ота-она фарзанди учун ҳар нарсага ҳамиша тайёр туради. Ҳар бир ота-она фарзандининг оʼзидан ҳам иқтидорли, салоҳиятли ва олий мартабали боʼлишини хоҳлайди. Оʼзи емаган таомларни едиради. Киймаган кийимини кийдиради. Умуман олганда бор бутини беришни истайди.

     Аммо ушбу ҳадисда ота-она фарзандига мазкур нарсаларни эмас, фарзандига одобдан коʼра афзалроқ ва одобдан коʼра қимматроқ ҳадя қила олмаслиги таʼкидланмоқда. Бундан одоб фарзанд учун дунёнинг барча мол-мулкидан афзаллиги келиб чиқади. Чунки ота-она фарзандига дунёнинг барча мол-мулкини берса-ю, унга одоб бермаган боʼлса, бу нарсалар татимайди. Бу фақатгина уларга гʼам-ташвишдан бошқа нарса келтирмайди.

Аллоҳ таоло Пайгʼамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломни бутун инсониятга таʼлим берувчи, тарбия берувчи қилиб юборди. У зот ҳадисларининг бирида

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« إِنَّمَا بُعِثْتُ لأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الأَخْلاَقِ ».

“Мен гоʼзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим”, деганлар Яʼни менинг пайгʼамбар этиб юборилишимдан мақсад одоб-ахлоқларни батамом қилиш, инсонларнинг руҳи-ю жисмини тарбиялаш, поклаш, деганидир.

Аллоҳ таоло ҳам У Пайгʼамбар алайҳис саломни мақтаб:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).

Ушбу ояти каримага эʼтибор қаратадиган боʼлсак, Аллоҳ таоло Пайгʼамбар алайҳис саломни “Сиз буюк насаб соҳибисиз ёки бойсиз ёки жуда сабрлисиз” ваҳоказо сифатлар билан сифатламади. Балки “Албатта, Сиз буюк хулқ соҳибисиз, чиройли хулқ эгасисиз” деди. Мана шундан инсонга одоб-ахлоқ нақадар муҳим эканлигини билсак боʼлади. Шунингдек, мақташ керак боʼлса инсонни фақат одоб ахлоқи ва чиройли тарбияси билан мақташ мумкинлигини олсак боʼлади.

Ҳақиқатдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг оʼзи одобни таʼлим берди. У зот саҳобаларни гоʼзал одоб-ахлоқли қилиб тарбияладилар. Уларга исломий одобларни оʼргатдилар. Натижада улар меҳрибон, гоʼзал хулқли ва мулойим инсонларга айландилар. Хулқи Қурʼон боʼлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳулқларидан намуна олдилар. Саҳобаи киромлар ҳам исломни тарқатишда оʼз вазифаларини адо этдилар. Улар оʼз шогирдлари боʼлган тобеинларга илмдан олдин одобни оʼргатишга ҳаракат қилар эдилар. Саҳобалардан кейин бу вазифа тобеинларга оʼтди. Улар ҳам оʼз шогирдларига одоб ва илмда устоз боʼлдилар. Шунинг учун улар барча ишда намуна ва оʼрнак ҳамда ёʼлчи юлдуз боʼлдилар.

Бугунги ривожланиб бораётган бир даврда ҳам ота-оналар, устоз ва мураббийлар фарзандларимизни ва ёшларимизни одоб-ахлоқига, уларнинг тарбиясига жиддий эʼтибор қаратиши лозим боʼлади. Зеро, юрт келажаги ва халқимизнинг эртанги куни қандай боʼлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таʼлим ва тарбия олишига богʼлиқдир.

Молик ибн Анасдан ривоят қилинади. Оналари уларга бундай дер эканлар: «Робиʼанинг олдига бор. Унинг илмидан олдин одобини оʼрган».

Улугʼларимиз мана шундай боʼлганлар. Улар одоб-ахлоқни биринчи оʼринга қоʼйишган ва уни барча нарсадан афзал билишган.

Аллоҳ таолодан барчаларимизни одоб-ахлоқ масаласига жиддий эʼтибор қаратишимизни насиб этсин. Фарзанларимиз ва ёшларимизни гоʼзал одобли қилиб тарбиялашимизга муваффақ қилсин.


Аббос Қосимов


Хожа Бухорий оʼрта махсус

ислом билим юрти оʼқитувчиси