Маълумки, сўнги йилларда муқаддас ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимса ва тоифалар пайдо бўлди. Улар ўзларининг ғараз мақсадларини амалга оширишда диндан фойдаланиб, турли мақсадларни кўзлаган ҳолда жамиятда бузғунчилик, фирибгарлик, ихтилоф чиқариш, зиддиятга бориш, вайронгарчилик, бегуноҳ одамларнинг қони ноҳақ тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, улар орасига таҳлика солиб, халқ ва диндорлар орасида низо чиқаришга, адоват уруғини сочишга, нифоқ солишга ҳаракат қилишмоқда. Энг ёмони шундаки, бу манфур кимсалар ўз хатти ҳаракатларини асослаш учун муқаддас Қуръони карим оятлари ва Ҳадиси шарифлардан мисоллар келтириб, оддий халқни чалғитмоқда.
Барчамизга маълумки, “Ислом” сўзи “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр этган:
“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).
Дарҳақиқат, Ислом дини террорни, фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди, лаънатлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида бузғунчилик қилмасликка буюриб: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди”, деган (Бақара сураси, 205-оят).
Бошқа бир оятда: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 60-оят).
Яна бир оятда: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”, деб марҳамат қилинган (Моида сураси, 32-оят).
Нисо сураси 93-оятида эса: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”, дейилган.
Бу нарса нафақат Қуръони карим оятлари балки ҳадиси шарифларда ҳам ўз исботини топган:
“Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти);
“Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти);
“Ким ўз биродарига темир парчаси ила ишора қилса ҳам, фаришталар (ўшани қўймагунча) уни лаънатлаб турадилар. Агар ўша ўзининг ота-она бир ака-укаси бўлса ҳам” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти);
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар: “Мукаммал инсон ким?”, деб сўрашганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тили ва қўли билан бошқаларга озор бермаган киши”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадисларида ҳатто ҳидидан ҳам бошқалар озор топмаслигига буюрганлар.
Хулоса қиладиган бўлсак динимиз таълимотини яхши ўрганган мўмин киши динимизнинг бутун дунёга тинчлик исташини, бундайин тинчликсевар дин йўқлигини ва динимизнинг таълимотларини турли ғараз ниятда тариф бераётганлар аслида динимизга зарар бериш ва унинг обрўсини тушуришни кўзлашаётганини аниқ билиб олишлари қийин эмас.
Ҳусниддин Бойқобилов
Китоб тумани “Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси