Қалбимизни ислоҳ қилайлик
7627
23-09-2022, 08:15
240
Ўқиш режими
+
-
Динимизга кўра инсон ҳам ички олами – қалбини ислоҳ қилишга, ҳам ташқи кўринишини тартибга келтиришга буюрилган. Қалбини ислоҳ қилиши – унинг аввало имон эътиқоди, тақвосида, қолаверса, одоб ахлоқи ва инсонлар билан ўзаро муомаласида намоён бўлади. Нўъмон ибн Башр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Огоҳ бўлингким! Албатта жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким ушбу нарса қалбдир” дедилар.
Қалб, луғатда бир нарсан ағдариш маъносида ишлатилади. У бир хил турмай, у ёққадан-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам “Қалб” деб аталган.
Агар инсоннинг зоҳирий қалби (юраги) хасталикка чалинса, тиббий йўл билан даволаш мумкин. Лекин, ботиний қалб хасталикка чалинса, уни фақат руҳий ва маънавий йўллар билан даволаш мумкин. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васалламнинг суннатларини ўрганиб, уларга амал қилиш орқали юзага чиқади.
Агар инсоннинг бирон бир аъзоси касалликка чалинса, қолган аъзолари ҳам шу касалликдан четда қолмайди. Қалбнинг ботиний жиҳатдан хасталаниши, қолган аъзоларнинг ҳам хасталанишига сабаб бўлувчи воситадир. Мисол учун: Бир киш ўғрилик қилишни қалбига тугади, уни қандай ва қачон содир этишини режалаштиради. Ушбу гуноҳни қилиш учун оёғи билан юриб боради, кўзи билан кузатиб туради ва қўли билан бажаради. Шунинг учун ҳам, қалб инсон жасадининг марказида жойлашган бўлиб, у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади. Агар у бузуқ бўлса, бошқа аъзолар ҳам бузилади.
Инсонларнинг қалби “Ғофил қалб” ва “Кўр қалб” бўлади. Ҳар иккиси ҳам инсонларнинг дунё ва охиратдаги бахт саодатига зид бўлган хислатлардан ҳисобланади. Ғофил қалб, бу инсонларнинг ўзларига хайрли бўлган нарсалардан ғафлатда қолишдир. Мисол учун: бандаларнинг Бомдод намозига ухлаб қолишлари. Кўр қалб эса, бандаларнинг дунё ва охиратдаги Аллоҳ таоланинг розилиги ва бахт саодатларига бўлган эътиборсизликларидан бўлади. Аллоҳ таоло бундай қалблардан барчамизни сақласин.
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
Манбалар асосида