ИМОМ БАҒАВИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ИЖОДИ
Кишилик жамиятида ўзларининг ўчмас изини қолдирган аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш ва ҳаётимизга татбиқ қилиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Юртимизда ва хорижий давлатларда Мовароуннаҳр диёрларидан етишиб чиққан олимларнинг таржимаи ҳоллари ва уларнинг илмий асарларини ўрганишга доир кўпгина ишлар амалга оширилди. Лекин ҳали ўрганилмаган қанчадан-қанча қўлёзма асарлар, бизга ҳатто номлари ҳам маълум бўлмаган қатор олимлар бор. Биз ушбу мақолада Мовароуннаҳр диёрида яшаб ижод қилган етук олим Имом Бағавий ҳақида атрофлича маълумот беришни мақсад қилдик.
Абу Муҳаммад Ҳусайин ибн Масъуд ибн Муҳаммад ибн Фиро ал-Бағавий “диннинг таянчи” ва “суннатни тирилтирувчи” унвони ҳамда “мўйнадўз ёки мўйначининг ўғли” каби лақабларга эга бўлиб, ҳижрий 433 йилда Хуросоннинг “Бағ” шаҳрида таваллуд топган. Ибн Халликоннинг айтишича, у киши мўйна тижорати билан шуғуллангани учун ҳам “мўйнадўз ёки мўйначининг ўғли” лақабини олган.
Имом Бағавий йигирма етти ёшга тўлганда киндик қони тўкилган она шаҳарини ташлаб “Марврўз” шаҳрига кўчиб ўтади ва у ерни иккинчи ватан тутиб, маҳаллий шайхлардан илм олишни бошлайди. Ушбу шаҳарда ҳеч жойга чиқмасдан вафот этгунига қадар яшайди.
Имом Бағавий ёшлигидан зуҳд ва тақво асосида ҳаёт кечиради. У қуруқ нон еб юрар эди. Одамлар у киши ҳақида “фалончи жуда зоҳид киши...” деб айтаверганидан қуруқ нонга ёғ қўшиб ейдиган бўлади.
У киши ҳақида Имом Заҳабий: “у фақат таҳоратли ҳолда дарс айтар, эгнига оддий кўйлак кийиб, бошига кичик салла ўраб юрар эди” – дейди.
Имом Бағавий илм-маърифатнинг тафсир, қирўат, ҳадис ва фиқҳ каби турли навлари бўйича бир қанча соҳаларни пухта ўзлаштирди ва бу борада кўпгина асарлар ёзиб қолдирди. Имом Бағавий илм-маърифатда қанчалар етук бўлса, масалани таҳқиқ ва тадқиқ қилишда ҳам шу даражада етук эди.
Имом Заҳабий у киши ҳақида: “унинг ёзган асарларига барака берилган бўлиб, холис нияти ва эзгу мақсади туфайли одамлар томонидан севиб қабул қилинар ва уламолар унинг асарларини таҳсил қилишда бир-бирлари билан мусобақа қилар эдилар” – дейди.
Тожиддин Субкий ўзининг “табақот шофиъйятул кубро” номли китобида Имом Бағавий ҳақида шундай дейди. “У тақводор зоҳид, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, ўзида илм ва амални жамлаган, салафи солиҳлар йўлига эргашган, буюк имом эди”.
Имом Бағавий эришган илмий мақомга қаралса, унинг шайхлари ва эгаллаган илмлари ҳам кўп бўлиши табиийдир. Имом Бағавийга бир қанча шайхлар жумладан, Абу Бакр Аҳмад ибн Абу Наср Куфоний, Абу Солиҳ Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Али ибн Аҳмад Найсабурий, Абу Али Ҳусайин ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий, Абул Ҳасан Абдурроҳман ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Музаффар ва бошқалар устозлик қилган.
Имом Бағавийнинг шогирдлари ниҳоятда кўп. Укаси Ҳасан ибн Масъуд Бағавий, Абдурроҳман ибн Али ибн Абу Аббос Наимий, “Тафсирул кабир” китоби муаллифи Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайин Розий (Имом Розийнинг отаси), Муҳаммад ибн Асъад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайин ибн Қосим ва бошқалар шулар жумласидандир.
Имом Бағавий илмнинг турли йўналишлари бўйича бир қанча асарлар ёзиб қолдирган. Унинг ёзган асарлари уламолар томонидан қабул қилинган. Баъзи уламолар унинг асарларига шарҳ ёзган бўлса, яна бошқалари мухтасар қилган. Хуллас, у мингдан ортиқ асар таълиф қилган бўлиб, қуйида улардан айримларини санаб ўтамиз.
1- Арбауна ҳадисан.
2- Ал-анвор фи шамоили Набий мухтор (с.а.в).
3- Таржиматул аҳком фил фуруъ.
4- Ат-таҳзиб фил фиқҳ.
5- Ал-жамъу байн саҳиҳайин.
6- Шарҳул жомеъ ли Термизий.
7- Шарҳус сунна.
8- Фатаво Бағавий.
9- Ал-кифоя фил фуруъ.
Имом Бағавийнинг вафот этган йили ҳақида икки хил маълумот бор. Биринчи маълумотга кўра, у ҳижрий 510 йил, иккинчи маълумотга кўра, 516 йилда “Марврўз” шаҳрида вафот этган ва Толиқон қабристонида, шайхи Қози Ҳусайин қабри ёнида дафн этилган. Ҳофиз Мунзирий, Ёқут Ҳамавий ва бошқалар Имом Бағавийнинг 516 йилда вафот этганини таъкидлаганлар.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси Қодиров Омон.