Динимизда нафсни поклаш, инсон ўзини-ўзи тергаб, эртанги кунга нима тайёрлаганига назар солиб туриши ўта муҳим ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”(Ҳашр сураси, 18-оят).
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар: “Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривояти).
Тазкиятун нафс – нафсни ёмон сифатлардан поклаш, солиҳ амаллар билан безашдир. Муҳосабатун нафс – инсон ўз нафсини тергаб туриши, ёмонликлардан қайтариб, яхшиликка ундаб туриши бўлиб, тазкиятун нафснинг бир қисмидир.
Қуръони каримда нафс уч хил сифат билан келган:
- Хотиржам нафс – Раббисининг тоати ва амрларига сокин, унинг муҳаббати ва бандалигига хотиржам бўлган нафсдир.
- Маломатчи нафс – қўлдан бой берилган яхшилик ва савоблар учун эгасини маломат қилувчи нафс.
- Ёмонликка буюрувчи нафс – эгасини шаҳватлар ва ботил нарсаларга ундовчи нафс. Аслида нафс жоҳил бўлиб, тарбия ва поклаш натижасида Аллоҳ таолонинг инояти билан хотиржам нафсга айланади.
Жумҳур уламолар нафсни поклаш, қалб касалликларини ўрганиш уммат учун фарзи кифоя эканлиги, лекин кимда бирор қалб касаллиги бўлса, уни кетказиш йўлларини ўрганиши фарзи айнга айланишини баён қилишган.
Ўтган солиҳлардан бири Ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши ўз нафсини дўстини тергагандан ҳам қаттиқроқ тергаб турмагунча, ейиш-ичиши ва кийими (ҳалолдан ё ҳаромдан экани)ни билмагунича, тақводорлардан бўла олмайди”, – деганлар.
Нафсни поклаш натижасида инсон икки дунё саодати, қалб хотиржамлиги ҳамда дин ва тоат-ибодатда собитликка эришади.
Аллоҳ таоло барчамизга нафсимизни сайқаллаш ва қалб касаллигидан покланишимиз учун тавфиқ ва иноят берсин!
Музаффар Қосимов“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий -маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари