Мотуридия таълимоти: тарих ва бугун
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ахборот - ресурс маркази томонидан билим юртининг "Ёш илмий тадқиқотчи" талабалари билан Мотуридия таълимоти: тарих ва бугун мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда билим юртининг маънавий-маърифий ишлари бўйича мудир ўринбосари М. Қосимов ва ақоид фани бўйича малакали мутахассис, устозимиз Махтумқули домла Тошқуловлар иштирок этишди.
Давра суҳбатини АРМ мудири А. Усмонов кириш сўзи билан очиб, Абу Мансур ал-Мотуридий ас-Самарқандийнинг илоҳиёт илмларида ўз даврининг етук алломаси эканлиги, у зотнинг устоз ва шогирдлари ҳамда соф ислом ақидасини сақлаш борасида ёзган асарлари ҳақида маъруза қилди.
Шундан сўнг, устозимиз Махтумқули домла ҳазратлари Мотуридия таълимотининг тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида маъруза қилдилар. Жумладан, Имом ал-Мотуридий ҳазратлари яшаган давр – тўққизинчи асрнинг иккинчи, ўнинчи асрнинг биринчи ярми – том маънода исломий илмлар ва маърифатининг турли соҳалари қатори калом илми ҳам гуллаб-яшнаганлиги, калом илмидаги дастлабки йирик йўналиш - муътазила оқими ва ундан кейин пайдо бўлган қатор оқимлар - жаҳмийлар, қарамийлар, муржиълар ва бошқа тоифалар иймон-зътиқод ва билиш назариясидаги хато қарашларига ақлий далил ва исботларга таянган ҳолда ислом дини ақидасининг софлигини ҳимоя қилиш ва ҳидоят йўлидан адашган мазкур оқимларга қарши қурашгани ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Устоз ҳазратлари сўзларини якунида талабаларга Мотуридия таълимоти тарихини мукаммал ўқиб-ўрганишлари ва бу борадаги илмларни эгаллашда бузғунчи ғоялардан эҳтиёт бўлишлари лозимлиги ҳақида таъкидлаб ўтдилар.
Давра суҳбати якунида ахборот – ресурс маркази мудири А. Усмонов томонидан талабаларга Имом ал-Мотуридий ҳазратларининг ҳаёти ва фаолиятлари қисқача ёритилган буклетлар тарқатилди. Шунингдек, талабаларга Имом ал-Мотуридий ҳазратларининг илмий фаолиятларини ёритувчи мақолалар ва маърузалар тайёрлаб келиш таъкидланди ҳамда кейинги давра суҳбатимиз Ҳанафий мазҳабининг тарихи ва бугуни мавзусида бўлиши эслатиб ўтилди.
Билим юрти матбуот хизмати