Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ҳозирги глобаллашув шароитида интернет орқали ахборот олиш энг қулай усулга айланиб улгурди. Ўзбекистонда интернет фойдаланувчиларининг сони кундан – кун ошиб бораётганлиги ҳам фикримиздан далолат. Лекин, халқаро тармоқдан тўғри фойдаланмаслик, ахборот истеъмоли маданияти тўғри шаклланмаганлиги сабабли айрим ёшлар ижтимоий тармоқлар, бузғунчи сайтларда қабиҳ ниятли кимсаларнинг пучёнғоққа тўла чўпчаклари таъсирига тушиб қолмоқдалар. Бу барчамиздан бирдек огоҳликка, ҳушёрликни қўлдан бермасликни тақозо этади.
Ҳар нарсанинг икки томони бўлгани каби интернетнинг ҳам салбий томони мавжуд бўлиб, баъзи бир тоифалар интернетдан ғаразли мақсадларда фойдаланадилар. Уларнинг миллатимизга ёт ғоя ва мафкураларни тарқатиб, ёшлар онгини захарлашга уринаётганлари ҳеч кимга сир эмас.
Ғаразли кимслар интернет орқали ҳужумлари асосан ёшларга қаратиб, ўсмирлар учун қизиқарли бўлган воситлардан усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, ёшларнинг қизиқишига қараб, уларни турли видеолавҳалар ва фотосуратларни томоша қилишга жалб этиш орқали ёки ташқи кўринишидан гўёки ўйин, техника, спортга доир бўлса-да, лекин ички саҳифаларида фақат бузғунчиликни сингдирувчи веб-ҳужжатларни тақдим этмоқда.
Бундан маълум бўладики, экстремистик ва террористик ташкилот вакилларининг оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиб, ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган, онги тўлиқ шаклланмаган ёшларни ва ҳиссиётга тез берилувчи аёлларни Odnoklassniki, Facebook, Twitter ва бошқа шунга ўхшаш ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг онгига ёлғон ғояларини сингдириб, ўз домига тортишга ҳаракат қилмоқдалар. Демак, биз интернет тизимидаги ҳар қандай ахборотларга ҳушёрлик билан қарашимиз зарур.
Мусулмон киши маҳкам ушлаши лозим бўлган гўзал ҳислатлардан бири зийраклик ва ҳушёрлик бўлиб, бу инсон учун берилган улкан неъматлардан биридир. Чунки инсон ҳаётида турли хил воқеа ва ҳодисаларга дуч келади. Агар мўмин киши керакли жойда хушёр ва закий бўлмас экан, бошига турли хил фитналар, кўнгилсизликлар келиши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда мўминларни хушёрликка ва зийракликка чақирган. Хусусан, Хужурот сурасининг 6-оятида: “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ одам хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло очиқ ойдин эшитган гапига амал қилишдан олдин уни текширишга ва хабарнинг хақиқатини аниқлашга буюрмоқда. Демак, эшитган ёки ўқиган хабарни текшириш инсон ихтиёридаги нарса эмас, балки, Аллоҳ таолонинг қатъий буйруғидир.
Ҳозирда ижтимоий тармоқларда бир хабар чиқса, кейинроқ, ҳақиқат бошқачароқ экани маълум бўлмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз фитнага сабаб бўладиган ишни қилишдан, ёки гапни гапиришдан эҳтиёт бўлишимиз керак экан. Ахборотни эса яхшилаб текшириб, кейин муносабат билдириш лозим бўлади. Айниқса, ахборот макони бўлган ижтимоий тармоқлардаги фитналардан огоҳ бўлишимиз зарур.
Алимардон Караматов, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси