Яқинда муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари биз аҳли илмлар, халққа дин йўлида хизмат қилувчи имом-домлаларга мурожаат қилиб, бугунги кунда жуда ҳам керак бўлган бир мавзуда таъсирли маъруза қилиб бердилар. Бадиий қилиб айтганда, бизларга ойна тутиб, юзимизга тегаётган баъзи доғларни тозалаб, бундан кейин ҳушёр бўлишга чақирдилар. Энди гап ушбу “ойна”га яхшилаб қараб олиш, камчиликларимизни тузатишда қолмоқда. Унда айтилган масаланинг ўзаги ҳақида ўйлар эканман, хаёлимда “ҳалимлик, ҳалим бўлиш” деган фикрлар айланди. Зеро, мурожаатда келтирилган узоқ ўтмишдаги пайғамбарлар, хусусан, Мусо алайҳиссалом қиссаси, дейсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони каримда эслатилган муомалага оид оятлар, дейсизми – ҳаммаси келиб ҳалимликка улашади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ ўз каломида инсонга маънавий камолот даражасига етишида лозим бўлган гўзал тартиб, одоб-ахлоққа доир барча йўл-йўриқларни алоҳида баён қилган. Мана шундай чиройли одоблардан бири ҳилм, яъни юмшоқлик, беозорлик, меҳрибонлик сифати бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримнинг йигирмадан зиёд ўрнида зикр этилган. Уламолар ҳалимлик фазилати ҳақида сўз юритиб, уни инсон ғазаб отига минган вақтда вақорли бўлиш ва меҳрибонлик кўрсатиш ҳолати деб таърифлашган. Инсоний гўзал одоб-ахлоқлар тўғрисида илмий баҳс юритувчи баъзи тадқиқотчилар ҳилм, юмшоқ кўнгиллилик одам ўзини одоб доирасида ушлаши, ғазабини жиловлаши, деб айтишади. Зеро, жаҳл қувватини ақл-идрок ҳукмига бўйинсундириш билан ҳалимлик вужудга келади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, – деб таъкидлаган. (Оли Имрон сураси 134-оят).
Ҳалимлик, юмшоқлик пайғамбарлар ва пайғамбарликнинг энг улуғ ахлоқларидан бири эканини қуйидаги ояти карималарда ҳам яққол кўриш мумкин. Аллоҳ таоло пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг хулқи ҳақида “Тавба” сурасининг 114-оятида айтади: “Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”.
Маълумки, Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари башариятга олий даражадаги намуна бўлиб, ҳалимлик уларнинг ажралмас сифатларидан бўлган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) одоб-ахлоқ борасида ҳам барча пайғамбарларнинг имоми, пешвоси эканлари барчамизга яхши маълум. Ҳадисга кўра эса биз аҳли илмлар пайғамбарларнинг меросхўрлари саналамиз. Шундай экан, ҳар бир амал ва хатти-ҳаракатимизда у зот алайҳиссаломлар, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намуна олган ҳолда, баҳоли қудрат одамлар билан гўзал муомалада бўлайлик. Уларга тушунмаган нарсаларини сабр ва юмшоқ муомала билан тушунтирайлик. Муфтий ҳазратлари бизларга эслатган, огоҳ этган ҳолатлар бирламчи вазифамиз эканини унутмайлик.
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби