Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий ҳазратлари Н. Холиқназаров Ўзбекистондаги аҳли илмларига мурожаат қилдилар. Биз диний ходимлар бу мурожаатни астойдил эшитиб ўзимизга керакли бўлган хулосалар чиқариб олдик. Мурожаат кенг қамровли масалаларни ўз ичига олган бўлиб, баъзи бир нохуш ишлардан тийилиш лозимлиги таъкидланади.
Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда баъзи кишилар турли хил йўллар билан одамлар орасида фитна уйғотиш, жамият кишилар орасида бирдамликни йўқотишга ҳаракат қилмоқдалар. Аллоҳ таоло “Қурьони Карим”да шундай дейди “Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида унданда катта гуноҳдир. Фитна қатлдан каттароқдир», – деб айт. Агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар”. (Бақара сураси, 217-оят).
Ушбу оятда кўриниб турибдики, барча мўмин мусулмонлар ўртасида раҳна соладиган фитналардан огоҳ бўлиб яшамоқлиги даркор.
Ҳамма даврларда ухлаб ётган фитнани уйғотишлик ёмонлик олиб келган. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Фитна ухлаб ётгувчи нарсадир. Уни уйғотган одамга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, интернет тармоқларида фитна уйғотишдан тўхтаб, бир-биримиз билан ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга муваффақ бўлайлик!
Б. Холмуродов,
Қарши туман бош имом хатиби