1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ибодат – илм олишда ва уни ўз ўрнида беришда кўринади

27-09-2022, 11:50 272 Ўқиш режими + -
Суқрот ҳаким “Ўқиб-ўрганмай туриб ҳам фойда ва зарарнинг фарқига ета оламан, деган одамни тентак деб билмоқ керак”, деганлар. Қарайлик-чи. Атрофимизда шундай тентаклар бормикан?
 
Билим – мисоли бир жилов, у одамни барча ёмон, ярамас ишлардан тийиб туради. Илм эгаси ўз тилакларини топади, орзу мақсадларига эришади. Ақл-идрок эгаларининг нафи ҳар доим кўпчиликка тегиб туради. Билимлилар элда азиз бўладилар. Ҳурмат қозонадилар. Бутун ишлар уқув-идрок билан амалга ошади. Барча мураккаб ишлар билим билан ҳал этилади. Билимсиз кишилар – доноларнинг душмани. Билимсиз доимо доноларга хорлик тилайди. Илмсиз одам сўқирга ўхшайди-ки, уни камситиб, четга суриб ташлаш инсофдан эмас. Балки кўр кўзни очиш учун билимдон илм хазинасидан унга бериши лозим. Имом ад – Дайламий ривоят қиладилар: Расулуллоҳ солаллоҳи алайҳи васаллам: “Ким-ки одамларга ўргатиш учун илмдан бир бобни ўрганса, унга етмиш сиддиқнинг савоби берилади”[1], деб марҳамат этганлар.
Ҳар қандай бақувват одамнинг кучи бир кун тугайди. Лекин илм мангу яшайди. Илм нури ёпиқ кўзлардан ҳам ичкарига киради, уларга зиё беради. Боғланиб, қафасга солинган шер ўз кучини йўқотмагани каби илм эгаси ҳам бадавлат бўлмаса-да, ўз иззат ва ҳурматини йўқотмайди. Аксинча, итнинг бўйнига тилла занжир боғланса-да, ҳамма жойда ҳаром ҳисоблангани каби, илмсиз ва саховатсиз давлатманд ҳам кишилар нафратига дучор бўлади. 
Магистратура талабаларидан бири маъруза охирида менга: 
- Доктор! Дарсдаги маърузангизни эшитган пайтимизда уни тушунамиз ва кейинги дарсингизни интизорлик билан кутамиз. Лекин уйга қайтиб, дарсликларни ўқисак, сиз маъруза қилган пайтдагичалик фойда ва руҳиятни топмаймиз, - деди.
Мен унга: 
- Асалари асални нимадан олади? - дедим. У: 
- Гуллар ширасидан, - деди. Мен: 
- Агар сен ўша гулларнинг бирортасидан есанг, таъми қандай бўлади? - дедим. У: 
- Аччиқ бўлади, - деди. Шунда мен: 
- Устознинг вазифаси мана шудир. Устозлар аччиқ гуллардан ширин ва фойдали асал чиқариш учун миллионлаб гуллар узра айланиб, сўнг талабалар олдига тўплаган шираларининг хулосасини қўйишади, - дедим.
"Асалари" устозларимиз бор бўлсин!
Дарҳақиқат, улуғларимиздан Абулқосим Замаҳшарий айтадилар:
“Ҳушсифат ва яхши хулқлар билан зийнатланмаган кимсани ипак кийимлар зийнатлай олмайди. Ернинг зийнати илм эгалари билан, кўкнинг зийнати юлдузлар биландир. Илм бир тоғ мисолидир. Бу тоғдан ошув кўп душвордир, тушув эса осондир. Билувчи билан кўп текшириб янгилик кашф этган билимдон орасида фарқ каттадир. Капалак ҳам, қарчиғай ҳам қанот қоқиб учади, аммо икковининг учиши бирдай эмас. 
Чин олим ҳийладан узоқдир, узоқ.
Нурнинг ўз сояси бўлмайди ҳеч чоқ”...
 
 
 
Нилуфар Аҳатовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
 
 
 
 
 
[1] Малик, Тоҳир. “Одамийлик мулки” - “Ҳусну хулқ” (Ахлоқ китоби). – Т.: “Sharq”, 2014. 910 б.