1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲУСНИ-ХУЛҚ-КОМИЛЛИК БЕЛГИСИ

7-10-2022, 08:30 353 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа махлуқотларига қиёслаганда яққол намоён бўлади, агар инсон ўз сийратини ҳам, хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади. Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида жамлаган ва шу хусусда инсонлар учун намуна бўлган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. 
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қалам сураси, 4–оятида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқларини улуғ эканлигини баён қилинмоқда. Хадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман” деганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан у зотнинг хулқлари хақида сўрашганда: “Хулқлари Қуръон эди” деб жавоб берганлар. Яъни у зот Қуръони каримдаги барча яхши одоб-ахлоқларини олий хулқларни, гўзал фазилатларни ўзларига сингдириб, Қуръонда мазаммат қилинган, ёмонланган хулқлар, фазилатлардан ўзларини поклаб олган зот эдилар. Бизлар ҳам ўзимизга намуна бўлишга энг хақли зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг ўгитларига эргашсак бундан фақат ва фақат фойда қиламиз.
Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобеъдир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча азолардан нопок амаллар содир бўлади. Қалб поклиги борасида буюк аллома Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ  шундай деганлар: “Киши зоҳирини нажосатлардан сақлаши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар яъни, қалб нопоклиги киши нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади”. 
Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб, каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди. Фаришталар қандай қилиб, бундай маконда қўним топсинлар! Демак қалбларимизни юқоридаги иллатлар ва яна уларга ўхшаш мақтанчоғлик, бахиллик, ҳирс, тамаъ, ғурур, риё, мутакаббирлик, ёмон ният каби иллатлардан поклаб, фаришталар макони бўлмиш қалбларимизни камтарлик, тавозеъ, яхши ният ва бошқа гўзал хулқлар билан безамоғимиз зарурдир. 
Ахлоқ илми уломолари “Одамдаги ахлоқлар уни яратилишида қўшилиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?” деган саволга: “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани яратиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида, тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади.” деганлар 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни мўъминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ таоло фаҳш ва жирканч сўз айтувчини ёмон кўрур” деб марҳамат қилган бўлсалар бошқа бир ҳадиси шарифда: “Албатта, мўъмин ўзининг чиройли хулқи билан рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топади” деганлар. 
Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг, яхшиларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Ёмон хулқлар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўйини тўкадиган абадий хасталикка бошлайди. Шунинг учун хулқларимизда баъзи қалб касалликлари борлигини сезсак, ўша касалликни унинг зидди билан тезда муолажа қилишимиз зарур. Масалан, бахилликни саховат, ғазабни ҳилм, жоҳилликни илм, кибрликни тавозеъ ва камтарлик билан даволаш керак. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшингиз чиройли хулқлигингиздир” деганлар. Одамларни яхшиси бўлишга ҳаракат қилиш, хулқларимизни чиройли қилишга интилишимиз лозим.... 
 
 
 
Махтумқули Тошқулов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус 
ислом билим юрти ўқитувчиси