Тасаввуф - бу содда қилиб айтганда, ислом динимизнинг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва суннати набавийяда келган улуғ инсоний фазилатларни, обод ва ахлоқни юксак даражаларга кўтаришга ёрдам берадиган, Аллоҳнинг муҳаббатини дунё ва барча борлиқ муҳаббатидан устун қўйишга ўргатадиган, барча разил сифатлардан покланишга олиб келадиган бир таълимот демакдир. Қолаверса, оддий мусулмон бандани Аллоҳга муқарраб килиб, азиз-авлиёлар даражасига кўтарадиган, чин ихлос билан Ҳақ зикрини тили ва дилида жорий қилиб, дуолари мустажоб бўладиган, олий мақомларга, кашфу кароматларга эга бўладиган зотларга айлантирадиган йўл – шу тасаффув йўлидир.
Имом Бухорий раҳ. Ўзларининг “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобларида ушбу хадиси қудсийни келтирадилар:
“Аллоҳ таоло айтар эканки, кимики Менинг авлиёларимдан бирортасига адоват ёки душманлик қилса, демак у Мен билан жанг қилмоқчи бўлибди. Бир ривоятда - мен у билан жанг қилишни эълон қиламан. Менга ҳеч ким фарзларимни адо этиб юрадиган одамчалик яқин бўла олмайди. Қайси бир бандам қўшимча нафл ибодатлар билан Менга яқин бўлишга интилса, Мен уни яхши кўриб қоламан.
Бу ҳадиси шарифдан Аллоҳ таолога фарз ибодатлар билан бирга қўшимча, зикр, тасбеҳ, таҳлил, нафл намозлар, нафл рўзалар ва бошқа хайрли ва савобли амалларни қилиб Аллоҳга яқин бўлишни истаган одам авлиёлар даражасига етиши мумкинлиги ҳамда Аллоҳнинг мўмин бандаларга нисбатан қанчалик раҳмли ва меҳрибон эканли маълум бўлади.
Жунайд ал-Бағдодий (вафот 909 й) “Тасаввуф – ҳақиқат сари интилиш, одамлардан тамагирлик қилмаслик ва фақирликни ихтиёр этиш, қалбни соф тутмоқ туғма заифлик ва нохуш ахлоқлардан фориҳ бўлиб, ҳайвоний ва нафсоний туйғулар устидан ғалаба қилмоқ”, деб таъриф берган. Яна у “Тасаввуф бир уй бўлса, шариат унга кирадиган эшикдир”, деган. Сўфи Оллоёр бу таърифни қувватлаб:
“Шариатсиз киши учса ҳавога,
Кўнгил берма анингдек худнамога”, деб ёзади.
Тасаввуф тариқатларининг инсоният маънавиятини юксалтиришга қўшиб келаётган беназир ҳиссаси бутун дунё халқи томонидан эътироф этилса-да, баъзан ислом оламида тасаввуфга салбий назар билан қараш, унинг тариқатлари, машойихлари ва кароматларини инкор этиш кўзга ташланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Юртимизда тасаввуф илмининг тарихи, унинг дастлабки мактаблари ва унинг жамиятда тутган ўрни каби масалаларни манбаларга таяниб илмий асосда чуқур ўрганиш олим ва уламоларимиз олдиларида турган долзарб вазифалардандир.
А.ТожиддиновКосон тумани “Ҳазрати Қусам - Ота”жомеъ масжиди имом хатиби