“Салаф” сўзи луғатда “аввал яшаб ўтганлар” “аждодлар”, “ўтмишдошлар” деган маъноларни билдиради. Ушбу сўзни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қатор ҳадисларида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини қизлари Фотима розияллоҳу анҳога шундай деганлар: “Мен сен учун қандай ҳам яхши салаф(ўтмиш)ман. (Имом Муслим ривояти)
Диний истилоҳда “Салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони англатади. Бу борада Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламўзларини муборак ҳадисларида шундай деганлар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг улардан кейин келганлар, сўнг улардан кейин келганларнинг давридир. Сўнгра шундай инсонлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади. (Имом Бухорий ривояти).
Сўнгги йилларда “Салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги “Сохта салафийлар” барча ақидавий ва фиқҳий масалаларни ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга тадбиқ этишни тарғиб қилсалар-да, аслида уларнинг қарашлари, асосан, ХVIII асрнинг ўрталарида яшаб ўтган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғоялари ва қарашлари устига қурилгандир. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг қарашлари эса Ислом динида биринчи бўлинишга сабаб бўлган хаворижлар ақидаси билан йўғрилган.
Бу оқим аъзолари диний масалалар ечимини топишда оят ёки ҳадисни узуқ-юлуқ ҳолда келтириб, унга зоҳиран ёндашиб, гўё муаммога жавоб топгандек бўлади. Уларнинг бу услуби осон ва тўғридек туюлади. Шу йўл билан улар ўз тарафдорлари сонини кўпайтиришга уринадилар.
Бизнинг энг асосий вазифамиз ёшларимизни “Сохта салафийлар” нинг сохта даъволаридан асрашимиз ва бунинг учун уларга илмий раддиялар бермоқлигимиз лозимдир.
А.Ганжиев
Ғузор тумани бош имоми: