Айрим кишилар “Бу дунёдан воз кечиб, узлатни ихтиёр қилиб фақат охират иши билан шуғулланиш керак” деган даъвони қилишади.“Дунёни тарк қилиб,фақат охират иши билан шуғулланаман” дейиш насроний динидаги роҳибликка ўхшайди. Аллоҳ таоло инсониятга роҳибликни фарз қилмаган балки айрим инсонларнинг ўзлари уни ташкиллаб олганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай дейди:
ورهبانيةُ ابتدعوها ما كتبناها عليهم الا ابتغاء رضوان الله فما رعوها حق رعايتها فئاتينا الذين ءامنوا منهم اجرهم و كثير منهم فاسقون
“Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар. Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат узлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқдурлар. ( Ҳадид сураси, 27 оят).
Ислом динида эса дунёни тарк қилиб, узлатга кетиш яъни роҳиблик қилиш йўқ. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади:
لا رهبانية في الاسلام
“Ислом (дини)да роҳиблик ( тарки дунёчилик) йўқ”
Мўъмин-мусулмонларнинг яхшиси охират иши деб дунё ишини, дунё иши деб охират ишини тарк урмаганидир. Бу ҳақда Анас ибн Молик(р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дейдилар:“Умматимнинг энг яхшиси охират иши деб дунё ишини, дунё иши деб охират ишини қолдирмайдиганларидур”.
Хулоса қилиб айтамизки, дунё ишини тарк урмасдан, ундан дунё ва охират манфаати йўлида фойдаланиш лозим.Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбандий бобомизнинг “Дил баёр, даст бакор” яъни “Қалбимиз Аллоҳда, қўлимиз меҳнатда бўлсин” деган ҳикматли сўзларига амал қилайлик!
Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охиратда яхшилик ато қилиб, дўзах азобидан Ўз паноҳида асрасин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими, Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн мухтор” масжиди имом хатиби