1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг!

12-01-2023, 11:42 378 Ўқиш режими + -
Фарзанд неъмати Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган беҳисоб неъматлари орасида энг улуғ ва энг азиз неъматларидан бири ҳисобланади. Фарзанд неъматига шукр қилиш, уларнинг одобли, чиройли хулқ соҳиби, ота-онаси, халқи, дини ва Ватанига фойдаси тегадиган юксак фазилат эгаси қилиб тарбиялашдир. Тарбия ўзи нима?. “Тарбия” сўзи асли арабча “робба” феълидан олинган бўлиб, “ўстирди”, “зиёда қилди”, “риоясига олди” ва “тузатди” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда “Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир” демакдир. Ҳар бир ота-она фарзандини маънавий ва жисмоний жиҳатдан бенуқсон дунёга келишини истайди. Бунинг учун қуйидаги оятга қатъий амал қилиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло “Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт...” деб, бандаларига таълим берган. (Оли Имрон сураси, 38-оят). Ушбу оятдан оила қурган ҳар бир эру-хотин ўзларининг насли покиза, одобли, дину-диётнатли ва илму-маърифатли бўлишини сўраб дуо қилиш кераклиги тушунилади. Фарзанд тарбиясига биринчи масъуллардан, бу, албатта ота-оналар ҳисобланади. Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни қанчалар муҳим эканлигини қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир туғилган бола фақат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний,  ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвонни бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз? дедилар”. Ушбу ҳадисдан биз шуни англаймизки, фарзандларнинг ота-оналари улар улғайиши баробарида ўзларининг динларига мансуб қилиб тарбиялаганидек, фарзандлар тарбиясига ҳам шу қадар таъсир ўтказишлари ва ота-она тарбияси сабабли бу соф табиатга футур етиши мумкин. 
Ота-оналар фарзандларига ҳар соҳада ўрнак бўлишлари билан бир қаторда уларга юксак фазилатларни, одоб-ахлоқни ўргатиб боришлари   зарур. Чунки, ота-онанинг фарзандларига берадиган нарсалари ичида энг зарурийси одобдир. Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ нарса ҳадя қила олмайди”, дедилар”. Бошқа бир ҳадисда “Киши фарзандини одобли қилиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир” дейилган. Бола ота-онага Аллоҳ таоло томонидан берилган омонатдир. Болани ёшлигидан нимага ўргатса шуни қабул қилади ва шунга ўрганади. Агар болаларга яхши нарсалар ўргатилса уларнинг савобига ота-оналари ҳам шерик бўлади. Шунинг учун Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг” дедилар”. 
Ота-оналарнинг вазифалари фарзандини яхши тарбиялаш, ёмонликдан асрашдир. Уларнинг саодати биз бу вазифани қандай адо этишимизга боғлиқ. Абдулла Авлоний  «Бугунги   ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон   кимсалар  кеча тарбиясига  эътибор   берилмаган болалардир!» деган эди. Шунинг учун оилада фарзандларнинг тарбиясига алоҳида эътибор беришимиз лозимдир. Бу борада аждодларимиздан ўрнак олсак бўлади.  Чунки  улар   фарзанд тарбиясига, бир томондан,   ширин лутф  билан,  иккинчи томондан,  ибрат ва намуна билан,  учинчи томондан, танбеҳ ва насиҳат билан  ёндашишга,   халқимизга  хос,  ҳеч   қаерда  ёзилмаган  одоб,   ҳаё  қоидаларини  жорий   этишга, таъминлашга  ҳаракат  қилишган,   ўзларини  шунга  бурчли деб   билишган.   
Оиладаги тарбиядан  ташқари,  болаларимизни   кўча –кўйда  юриш-туришларига ва  кимлар билан  алоқа   қилаётганига ҳам алоҳида   эътибор  беришимиз  керак. 
Ёшларимизнинг миллий ва диний қадриятларимизга мутлоқа  зид,  зарарли иллатларга чалинишлари бизнинг бепарволигимиздан бошланишини унутмайлик. Келажагимиз   бўлган  болаларимиз  тарбиясига катта аҳамият  беришимиз,   уларнинг юксак  ахлоқий  қадриятлар,   миллий ва  диний  анъаналаримизга  содиқ   бўлишларига  ғайрат  қилишимиз   керак.  Фарзандларимизни тарбия қилишда шундай йўл тутайликки, улар бизга яқин дўстидек ишонсин. Шунда уларга насиҳат қилсак оғир олмайди.  Ҳазрати Али:  «Фарзанд билан етти ёшгача ўйна ва унга фикри қабул қилингани  ҳамда инобатга олинганини  билдириб қўй, бу услубнинг яхши самараси кўп», деганлар. Фарзандлар билан дўстларча муносабатда бўлиш уни ёмонлар билан дўстлашишдан, бузғунчи ахборотларга эргашишдан сақлайди. 
Янги асрда ахборот тезлиги  тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпди. Айни чоғда қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Интернет ва уяли телефон орқали ёшларга қилинаётган ҳужумлардан сақланиш энг  катта   муаммога   айланди.  Эҳтиёт  чоралари изланяпти, лекин бу ечим ва чоралар кўпи  фақат назарий, уларни амалда қўллаш қийин.  Булардан ташқари  турли   хил оқимлар  ва  «Оммавий маданият»  ниқоби остидаги ахлоқий бузуқлик ва зўравонликлар ёшларимизнинг маънавиятига таҳдид солиб турибди.  Бизлар   фарзандларимизни  ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга  етказайлик.   
Чунки  илмли  ва   юксак  маънавиятли  фарзандларимизда  бу  таҳдидларга  қарши   «мафкуравий иммунитет»   шаклланади.   
Ёшларда мафкуравий  иммунитетни   шакллантиришнинг аҳамияти   муҳим  ижтимоий-маънавий зарурат  сифатида  ортиб   бормоқда.  Мафкуравий  имунитетни   шакллантириш-жамиятнинг энг муҳим вазифаси  ёшларнинг   миллий ҳис-туйғулар,  мақсад ва интилишлари,  маънавий-маърифий  ва   руҳий-ахлоқий  даражасига  бевосита   боғлиқ  бўлган  долзарб   ҳодисадир. 
Бугунги дунёдаги  мураккаб   мафкуравий  вазият  ёшларимизда   ғоявий иммунитетни   тарбиялашни  фаоллаштиришни   талаб   қилади.  Бу  йўлда   таълим  тизимининг  ўрни ниҳоятда   каттадир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав): “Илм талаб қилиш ҳарбир мусулмонга фарздир” дедилар”.  
Бугун турли   хил  муаммолар  қаршисида   чорасиздек  туриб  қолмаслигимиз   ёки  воқеликдан  кўз   юмиб  олмаслигимиз  керак.   Уйимиз,  кўча-кўй, яшаб  турган   жамиятимиздаги  муҳит, таълим-тарбия  масалалари-буларнинг барчаси  тарбия  омилларидир.
Аммо  ҳозир   дунёнинг  ҳар  томонидан   ёшларга  махсус  йўналтирилган,  мақсадли   «тарбия  услублари»  ҳам   борлигини  унутмайлик. Зеро, ушбу тарбиялар замирида миллат тақдири ётади.   
Улуғ адибларимиздан Абдурауф Фитрат: “Миллат тақдири манашу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади” деган эди. Фарзанд Яратганнинг буюк неъмати эканлигини ва албатта ушбу неъматдан сўралишимизни асло унутмаслигимиз лозим.
 
 
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари