Бандаларига савдо-сотиқни ҳалол қилиб, рибо – судхўрликни ҳаром қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Рибога оид шариат ҳукмларини ўз умматларига етказиб берган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.
Судхўрлик жамиятнинг ривожланишга тўсқинлик қиладиган энг катта омиллардан биридир. Унга йўл очиб берган жамият ўз оёғига болта урган ҳисобланади. Давлатлар судхўрлик жамият тараққиётига салбий таъсир қилгани учун унга қарши жиддий курашган, баъзилари эса рибо билан муомала қилишни узул-кесил манъ қилган. Мулоҳаза қилиб кўрган киши рибо билан муомала қилган инсон ўзидан бошқани ўйламаслигини билади. Чунки муҳтож кишига ёрдам қўлини чўзмаган одамдан жамият қандай яхшилик кўриши мумкин.
Рибо китоб, суннат ва ижмоъ билан ҳаром қилинган. У етти ҳалокатга олиб борувчи нарсадан бири ва гуноҳи кабиралардандир. Аллоҳ таоло Ўз китобида рибо еювчидан бошқа гуноҳкорларга уруш эълон қилмаган. Рибони ҳалол санаган киши кофир бўлади, тавба қилиши лозим. Агар тавба қилмаса қатл қилинади. Лекин ҳалол санамасдан рибо билан шуғулланган киши фосиқ ҳисобланади.
Қуръони каримдан рибонинг ҳаромлигига далил:
ٱلَّذِينَ يَأۡكُلُونَ ٱلرِّبَوٰاْ لَا يَقُومُونَ إِلَّا كَمَا يَقُومُ ٱلَّذِي يَتَخَبَّطُهُ ٱلشَّيۡطَٰنُ مِنَ ٱلۡمَسِّۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمۡ قَالُوٓاْ إِنَّمَا ٱلۡبَيۡعُ مِثۡلُ ٱلرِّبَوٰاْۗ وَأَحَلَّ ٱللَّهُ ٱلۡبَيۡعَ وَحَرَّمَ ٱلرِّبَوٰاْۚ فَمَن جَآءَهُۥ مَوۡعِظَةٞ مِّن رَّبِّهِۦ فَٱنتَهَىٰ فَلَهُۥ مَا سَلَفَ وَأَمۡرُهُۥٓ إِلَى ٱللَّهِۖ وَمَنۡ عَادَ فَأُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلنَّارِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ
Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар. Бунинг сабаби – уларнинг: «Байъ (савдо-сотиқ) ҳам судхўрликнинг худди ўзи» деган гаплари (ақидалари)дир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган. Бас, ким Раббидан насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввалги ўтгани– ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким яна (судхўрликка) қайтса, ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда абадий қолувчилардир. (Бақара сураси, 275 оят)
Аллоҳ таоло рибога олиб борувчи йўллардан ҳам қайтарган. Чунки ҳаромга олиб борувчи йўл ҳам ҳаромдир. Абу довуд Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Бақара сурасининг 275-ояти нозил бўлганда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким муҳобарани тарк қилмаса Аллоҳ ва Расули тарафидан бўлган жангни билиб олсин”. Муҳобара (ердан чиққан экинни баъзисига музораъа қилиш), музобана (хурмо дарахтидаги хурмони узиб олинганига сотиш) ва муҳоқала (далада узулмаган бошоғидаги буғдойни узиб олганига сотиш) савдолари ҳам рибо йўлларини тўсиш учун ҳаром қилинган. Чунки узилмаган ҳўл мева қуриса қанча чиқиши аниқ эмас.
Шунингдек Аллоҳ таоло:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَأۡكُلُواْ ٱلرِّبَوٰٓاْ أَضۡعَٰفٗا مُّضَٰعَفَةٗۖ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ
Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз. (Оли Имрон сураси, 130 оят)
деган сўзида ҳам уларга одат бўлиб қолган ишларидан қайтарилмоқдалар. Чунки улар муддат баробарига пулни зиёда қилар эди. Муддат келганида қарздорга: “қўшиб берсанг муддатни чўзаман” дер эди. Қарздор ҳам қўшиб берар эди. Бундай кўриниш ҳар қандай нарсаларда бир муддатга эвазига олинган бўлса ўша нарсаларнинг барчасида – ўзи арзимаган қийматга эга бўлган молларда ҳам намоён бўлар эди. Оят уларни бундай қабиҳ ишлардан қайтариш учун нозил бўлган.
Суннатда рибонинг ҳаромлигига ҳам кўп далиллар бор. Жумладан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا هُنَّ قَالَ الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَالسِّحْرُ وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَأَكْلُ الرِّبَا وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ وَالتَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَقَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلَاتِ
“Етти ҳалок қилувчи нарсадан сақланинглар”. Айтдилар: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар қандай нарсалар”. Айтдилар: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдириш, рибо ейиш, етимнинг молини ейиш, уруш куни орқа ўгириб қочиш ва покиза, афифа мўминаларга туҳмат қилиш”.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтдилар:
لَعَنَ رَسُولُ اللهِ آكِلَ الرِّبَا وَمُؤْكِلَهُ وَكَاتِبَهُ وَشَاهِدَيْهِ وَقَالَ هُمْ سَوَاءٌ.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва улар баробардирлар”, дедилар”.
Ислом уммати рибонинг асли ҳаромлигига ижмоъ қилган. Шундай бўлсада масалаларининг тафсилоти ва ҳукмларни баён қилиш ҳамда шартларини тафсир қилишда ихтилоф қилиниши табиий ҳолдир.
Қуртубий айтадилар: “рибо қасд қилган одамгагина ҳаром бўлганида фақат фақиҳларга ҳаром бўлар эди”.
Қатода Саъид ибн Мусайябдан ривоят қиладилар, Умар разияллоҳу анҳу айтдилар: “Охирги нозил бўлган оятлардан бири рибо оятидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бизга тафсир қилиб беришдан олдин вафот қилдилар. Рибони ва шубҳани тарк қилинглар”.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир инсон қарз олди-берди ва савдо ишларини қилишидан олдин тегишли муомала ҳукмларини ўрганиши зарур. шунда қилинаётган ишлар тўғри ҳамда шубҳа ва ҳаромдан узоқ бўлади. Чунки, бу ҳукмларни ўрганмай туриб рибони қасд қилмаса ҳам унга аралашиб қолиши, балки ўзи билмасдан ҳаромга аралашиб дўзахга киришга сабаб бўладиган даражада унга шўнғиб кетиши мумкин. Билмаслиги уни гуноҳдан сақлаб, дўзаҳдан қутқара олмайди. Яъни билса ҳам билмаса ҳам гуноҳкор бўлишга ва жазоланишга маҳкум бўлади.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юртиЎқитувчиси Қодиров Омон