Инсон ўзига берилган барча илоҳий неъматларга шукр қилиб яшаши лозим. Ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони Аллоҳнинг омонатидир. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча маҳлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70) деб, хабар берди. Омонатга хиёнат қилувчи Яратганга исён қилувчидир.
Инсон у хоҳ ақлига, жисмига, руҳига, азиз жонига ёҳуд қайсидир аъзосига зарар етказса гуноҳи азим ҳисобланади. Ким бу гуноҳи азимни қилса, гуноҳи кабира қилувчиларнинг қаторида бўлади.
Қуръони каримда Инсон ўзи ва бировларни яшаш ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик тўғрисида шундай дейилади
“...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара, 195). Бошқа бир оятда: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29), деб ҳаётга тажовуз қилиш мутлақо мумкин эмаслигини уқтириб, бундай ғайриинсоний тажовузга қўл уришларидан қайтаради. Такрор-такрор ҳаёт неъматига тажовуз қилишликдан сақланиш лозимлигини таъкидлайди. Негаки, бу дунёда инсон учун ҳаёт неъмати мукофот қилиб берилган. Тирик жон учун ҳар бир олган ва чиқарган нафаси қанчалик бахт-саодат эканлиги баён қилинган.
Ўз жонига қасд қилганларга нисбатан ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деб марҳамат қилган (Имом Бухорий ривояти).
Луқмон хакимдан одамлар савол билан мурожаат қилди. “Сиз ҳаётни нима деб биласиз?” У киши жавоб қилди: “Агар фаразан курраи заминнинг айлантираётган ер ўқини менинг бошимга ўрнатса, етти қават ер бошимда айланса, мен ҳаёт турсам шу яхшироқдир вафот топганимдан”, деб ҳаётда туришлик хар бир жонзот учун беқиёс неъматдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳажжатул вадоъдаги муборак хутбаларида мўмин-мусулмонлар, мўмина-муслималарга қарата қиёматгача лозим бўлган таълим-тарбияларда таъкидлаб:
- “Эй одамлар, ҳоҳ ўзингизни ва ҳоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди.
- Эй одамлар, бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди.
- Эй одамлар, ушбу арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам шунчалик ҳаромдир”, деб огоҳлантирдилар (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, яна бир ҳадиси муборакда: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар захар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у шахс темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу муборак ҳадислар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсоннинг ҳаёт ва яшашга бўлган ҳуқуқининг муқаддаслигини кенг ёритиб бердилар. Хусусан, бу насиҳат билан инсон ўз жонига қасд қилиши ҳаром ва қаттиқ гуноҳ эканлигини яна бир бор таъкидладилар.
Биз инсонлар Аллоҳ таолонинг тақдирига имон келтирганмиз, турмушда учрайдиган яхши-ёмон синовларга сабр-тоқат қилишликка буюрилганмиз. Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт неъматини зое қилмаслик фарз эканига ишонганмиз. Унутмаслик керак-ки, ҳар бир етган азият ва мусибат учун сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат – ҳаёт неъматига, буюк инсоний ҳуқуқлардан саналмиш ҳаёт ҳаққига ношкур бўлган, уни оёқости қилган шахснинг жазоси шундай бўлади.
Рустамхон Хайитов"Нишон" жоме масжиди имом хатиби