1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ГУНОҲКОР АЁЛНИНГ ТАВБАСИ

8-11-2022, 15:41 617 Ўқиш режими + -
   Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам саҳобалари билан суҳбат қуриб ўтирганларида бир хотин келиб:
  • Ё Расулуллоҳ! Мени гуноҳдан фориғ қилинг! – деди.
Расули Акрам соллалоҳи алайҳи васаллам:
  • Бор, Аллоҳга тавба қил ва Аллоҳдан кечиришини тила, -дедилар.
Аёл:
  • Мени пок этинг, жазо олишни истайман, - деб ёлборди.
Расули Акрам соллаллоҳи алайҳи васаллам тавба қилишни буюрди. Аёл бир оз нари кетди ва қайтиб келиб:
  •  Ё Расулуллоҳ! Менга ҳам Моизга ўхшаб жазо беришни хоҳламаяпсиз, - деб хафа бўлди.
Расули Акрам соллалоҳи алайҳи васаллам:
  • Нима айб қилгансан, - дедилар.
  • Айбим зино, зинодан ҳомиладорман, - деди аёл.
  • Сен зинодан ҳомиладормисан? – яна сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам. 
Аёл: 
  • Ҳа, Расулуллоҳ! – деди.
Расули Акрам соллаллоҳи алайҳи васаллам:
  • Бола туғилгунича кут, - деб буюрдилар.
Аёл кетди, бир қанча муддат ўтиб болани кўтариб келди. Расули Акрам соллаллоҳи алайҳи васаллам:
  • Бор, бола катта бўлгунича эмиз. Шу пайтгача кутгин, - дедилар. Аёл кетди. Яна бир қанча муддат ўтиб аёл келди. Қўлидаги бола нон ер эди. Аёл:
  • Ё Расулуллоҳ! Мана, бола катта бўлиб қолди, овқатни ҳам ўзи ейди, - деди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам болани тарбиялаш учун мусулмонлардан бирига бердилар. Аёлни эса қамашга буюрдилар. Аёл қамоқда эканлигида Холид бин Валид (р.а.) отган бир тош аёлга тегиб юзи қонга буялди. Холид хотинни койиди. Шунда Расули Акрам соллаллоҳи алайҳи васаллам:
  • Эсингни йиғ, ё Холид! Аёл шундай тавба қилдики, у мағфират бўлди, - дедилар.
Динини севган ҳар бир мусулмон киши гуноҳ қилиб қўйса, албатта виждон азобида қолади ва Аллоҳдан қандайдир жазо келишини, шу жазо орқали покланишини истайди. Аммо Аллоҳ шу бандасини қилган гуноҳини Ўзи кўриб турган ҳолатда уни кечиради ва яхшиликлар беради. Гуноҳ қилган бандани гуноҳи учун келмаган жазо учун ҳам ўзини ўзи “еб-ичиб” қўяди. Виждон азобида қолиб, ўзини койиган ва ушбу гуноҳни қайтармаган бандани Аллоҳ мағфират қилади. Юқоридаги ҳолат ҳам худди шу кабидир. Кўриб турибсизки, аёлнинг айбини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди, кўрмаган ҳам. Аммо аёл, ўзининг иймони ўлароқ айб билан қолишни истамайди. Бундай одамлар жазо олиб покланишни истайдилар.  Ўлимни дунё ҳаётидан афзал кўрадилар. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васалламнинг шафқат ва марҳамати уларни ҳимоя қилмоқчи бўлганига қарамай айблари учун жазоланишни истаб, ўзларига томон очилган марҳамат ва меҳр, шафқат эшикларини беркитдилар.
Барча бу хоҳишлар, бутун имон натижаси ўлароқ виждоний роҳатга эришиш учун ҳаётларини хавф остига қўйиб, бу фоний дунёда барча айблардан покланиб охиратга пок ҳолда бориш учундир. Иймон деб мана шуни айтадилар. Зеро, жаннат шундай бахтиёрларнинг, гуноҳдан сақланганларнинг гўзал маконидир.  
 
Нилуфар Аҳатовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти